-->
bg-login img-registrАъзо бўлиш

“My5”, “Milliy TV”, “Zo’r TV”: Кимда қандай савия-ю, телеаудитория?

Сана: 02 Марть 2017 Курилди: 819 Изоҳ: 0

Ўзбекистонда кун сайин ривожланиб бораётган уч телеканал ўз аудиториясини қайси йўл билан топмоқда. Бачканалик телеканалларнинг бош мавзусига айланиб қолмадими?

 
Охирги йилларда Ўзбекистон медиа бозори ривожланди. Янги газета ва журналлар, радиолар, интернет-сайтлари билан бир қаторда, янги телеканаллар ойнаи жаҳон юзини кўрди. Ҳар бир телеканалнинг фаолияти ортида юзлаб, ҳатто, минглаб ходимларнинг меҳнати ётади.
 
Медиа бозорининг ривожланиши ўз-ўзидан давлат ва нодавлат ОАВлар тушунчасини юзага келтириши турган гап. Сўнгги уч йил ичида ташкил этилган “My5”, “Zo’r TV” “Milliy TV” телеканаллари ўтган вақт мобайнида ўз йўналиши,  кўрсатувлари, фильмлари билан томошабинлар меҳрини қозонди. Уч телеканал орасида бундан бир йил аввал етакчилик сўзсиз “My5” телеканалиники эди. Хўш, ҳозирчи?
 
Рақобат ўртадаги фарқни дарров кўзга яқин қилди. “My5” телеканали иш бошлаган илк кунларданоқ, асосан ёшлар аудиториясини қамраб олишга, ёшларбоп кўрсатувлар, қўшиқлар ва клиплар, фильмлар намойиш этишга бел боғлади. Тўғри, ора-сирада ЎзЭОАВМА лойиҳалари, катталарга мўлжалланган фильмлар, видеороликлар ҳам намойиш этилди, бироқ эфир вақтининг асосий қисмини ёшлар банд қилди. Натижа ёмон бўлмади. Ёш-яланг тилидан “My5” тушгани йўқ. Бироқ бу аудиториянинг асосий қисмини мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, уй бекалари ташкил этарди.


 
Қачонлардир эфирдан мустаҳкам ўрин олган саёз кўрсатувлар, телба-тескари гапларни ТВ орқали айтадиган бошловчилар сабаб “My5” кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Томошабинлар, жиддий аудиториянинг эътирозларига дуч келди. Бироқ хулоса у қадар таъсирли бўлмади, телеканал ёшлар аудиториясига қадар катта фойда бермайдиган, шоу-бизнесга оид кўнгилочар кўрсатувлар сонини кескин кўпайтирди.
 
Бугунги томошабиннинг савияси анча ўсмаганми, унга жиддий, янги, кўнгилочар бўлганда ҳам, бачканаликдан ҳоли кўрсатувлар керак эди. Айни шу даврда “Milliy TV” телеканали майдонга чиқди. Аввало, телеканал тасвирнинг сифатлилиги, кўрсатувларнинг дизайни билан эътиборга тушди. Ҳашаматли студиялардан тортиб, оддий деталларгача қимматбаҳоларини афзал кўрган телеканал ишни ҳам ёшлар, ҳам катта авлод вакилларини “қўлга олиш”дан бошлади ва бунинг уддасидан чиқди.
 
“Milliy TV” кўнгилочар телеканал номини оқлай олди. Бир вақтнинг ўзида ҳам информацион, ҳам кўнгилочар, ҳам таҳлилий, ҳам ток-шоу, ҳам ошхонабоп кўрсатувларнинг ортидан қувмай, дастурлари кетма-кетлигини режа асосида олиб борди. Унда “My5”даги каби республикада бўлаётган воқеаликлар кун давомида, маълум вақтларда ёритиб борилмаса-да, канал жиддийликни бошқа кўз илғамас жиҳатлари билан ушлаб қола олди.
 
Ҳар яхшининг бир ёмони бўлади, деганларидек бу телеканалнинг ҳам ўзига яраша камчиликлари йўқ эмас. “Milliy TV”да миллийлигимизга ёт бўлган айрим жиҳатлар, хусусан, телебошловчиларнинг кийиниш услуби кўп  танқидларга учради. Анонслар остидаги овоз ҳам танқидларни инобатга олган ҳолда ўзгартирилди.
 


Бугун “Milliy TV” телеканалида ҳам дунёнинг бошқа телевидениеларидан кўчирилган кўрсатувлар йўқ эмас. Бунга мисол тариқасида “MTV Show” дастурини келтириш мумкин. Кўрсатув “Вечерний Ургант” кўрсатувидан кўчирилган бўлса-да, бу кўчирмакашлик муваффақиятли ва айни дамда “қимматбаҳо” чиққан.
 
Телеканал орқали “Оталар сўзи...” каби кўрсатувларнинг эфирга узатилиши эса кексалар учун айни муддао бўлаяпти, десак муболаға бўлмайди.
 
“Milliy TV”нинг ҳам бачканалик борасида камчиликлари етарли. “Avtotest” сериалини бунга яққол мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Сериал кўп вақт намойиш этилмаган бўлса-да, саёз сценарийси, воқеаларнинг мантиқсизлиги, бачкана ҳазиллари билан жуда тез тилга тушиб, каналнинг мавқеига бироз салбий таъсир кўрсатди.


 
Бугунги кунда эфирга узатилаётган “Baqlajon stand up show” дастури ҳам сериалнинг йўлидан бормоқда. Бачкана ва миллийликдан умуман йироқ бўлган ҳазиллар, кишининг медасига тегадиган қочиримлар, бугун айрим гуруҳлар томонидан ижро этилиб, танқиддан боши чиқмаётган латифаларнинг шериклари “Baqlajon stand up show” дастури орқали “эфир кўрки”га айланди.
 
Жорий йилдан бошлаб эфирга чиқа бошлаган “Zo’r TV” телеканалидан ҳам томошабинлар у қадар катта янгиликни кутаётгани йўқ. Боиси телеканал жамоаси асосан шоу-бизнес вакилларидан таркиб топган. Устига-устак йўналиш ва кўрсатувлар борасида “Zo’r TV” ҳам “Milliy TV” ва “My5”ни такрорлаши турган гап.
 
Биргина Жаҳонгир Позилжоновнинг лойиҳаси “Хонтахта” деб номланишининг ўзиёқ, бу каналдан бачканаликни кутмасликнинг иложи йўқлигидан белги бериб тургандек.
 
Бугундан эътиборан ҳар бир канал баҳорий кўрсатувларни эфирга узатишни бошлади.  “My5” уч йиллик логотипидан воз кечди. Қизил ва кулрангдан иборат янги логотипдан жиддийлик, мулоҳазакорлик сезилиб турибди. Қизиқ, наҳот “My5” бачканаликдан, ёш ижодкорларнинг енгил-елпи кўрсатувларидан буткул воз кечса?
 
“Zo’r TV” ҳали ишончни оқлаганича йўқ. Бунинг учун вақт ўтишини кутишимиз керак. Сўнг дўппини бир ерга қўйиб, баҳслашсак арзийди. 
 
“Milliy TV” эса мавжуд камчиликнинг ўрнини тўлдириб, бачканалик йўлидан қайтса, бугунги медиа бозорида ўз ўрнини янада мустаҳкамлаши тайин.
 
Қизиқ, уч телеканал ўртасидаги рақобат қандай бўларкин. Ким қайси йўлдан кетади? 
Қамариддин Шайхов
Калит сўзлар: қисмини, қилди, қизиқ, қадар катта, қадар, эфирга, чиқди, фильмлар, ўрнини, турган, томошабинлар, телеканалнинг, телеканали, телеканал, ташкил, сабаб, рақобат, орқали ldquo, орқали, олган

Мавзуга оид янгиликлар:

 УШБУ ХАБАРГА ЎЗ ФИКРИНГИЗНИ БИЛДИРИНГ.
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН ЎТИШ КЕРАК!


   
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    
Сўровнома

Loading...

Логин
Пароль
Сақлаш