-->
bg-login img-registrАъзо бўлиш

Пластик карточкадан нақд пул ечиш...

Сана: 25 Апрель 2017 Курилди: 612 Изоҳ: 0
Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг барча жабҳасида ислоҳотлар ўтказилмоқда. Булар ижтимоий-сиёсий, жамият бошқаруви, молия-иқтисод, маданий-гуманитар соҳаларнинг барчасини бирдек қамраб олмоқда.
 

Шу ўринда, инсон турмушида ҳаётий муҳим роль ўйнайдиган пул муомаласи билан боғлиқ муаммолар ҳам ҳукумат эътиборидан четда қолгани йўқ. 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, шунингдек, “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари фикримиз исботидир. 
Унга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 мартидан бошлаб чакана савдо ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар аҳолидан тўловлар пластик карточкалар ёрдамида қабул қилинишини таъминлайдиган, ўрнатиш мажбурий бўлган ҳисоб-китоб терминалларини ўрнатмаган тақдирда ўз фаолиятларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаслиги белгиланган эди. Бироқ, 1 мартдан кейин ҳам орадан деярли 2 ой ўтганига қарамай, бу қарор ижроси тўла бажарилган, дея олмаймиз. 
Гарчи, Марказий банк раис ўринбосари Шохруҳ Шоаҳмедов Тошкентнинг “Медиа Холл” мажлислар залида Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи чорак натижаларига бағишланган анжуманда “1 мартдан ҳамма жойда терминал ишлаётгани"ни қувонч билан қайд этган бўлса-да, аслида ундай эмаслигини барча жуда яхши англайди. Балки, Шоаҳмедовнинг “Ўрикзор”, “Абу-Сахий”, “Чилонзор” буюм бозорларидаги ҳақиқий аҳволдан хабари йўқдир. Майли бу масала, бошқа мақола мавзуси.
Кун.uz таҳририяти пластик карточкаларга хизмат кўрсатиш даражаси, сифатини баҳолаш мақсадида журналистик суриштирувини ўтказишга қарор қилди. Шу мақсадда, Тошкент шаҳрининг турли нуқталарида аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган “Ипотека”, “Ипак йўли”, “Давр”, “Халқ банки” ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБларининг шохобчаларига мурожаат қилди. 
Мақсад банк пластик карточкасидан (банкоматлардан эмас, банк кассаси орқали) нақд пул ечиб олиш масаласига ойдинлик киритиш эди.
Текширув жараёнида шу нарса аниқ бўлдики, ҳамон бирорта банкдан ўзингиз мустақил равишда кассага учрашиб (ахир, банкоматлар йўқ-да), ўз банк пластик карточкангизни шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат билан тақдим қилган ҳолда ҳам нақд пул ололмайсиз. Бунинг учун “юқоридаги” раҳбарнинг рухсати керак бўлади. 
Яна бир таажжубланарли томони шуки, бир банк муомалага киритган пластик карточкага бошқа банк бир ёқда турсин, ҳатто айни банкнинг бошқа тумандаги бўлими ҳам хизмат кўрсата олмаслигидир. Масалан, сиз Учтепа туманидаги бир банк бўлимининг пластик карточкасига эга бўлсангиз, нақд пул ечиб олиш учун (аслида, назарий жиҳатдан айтганда, чунки амалда буни деярли иложи йўқ) яна айнан ўша туманга келишингизга тўғри келади. Сиз, айтайлик, Бектемир туманида бўлиб, зарурат юзасидан нақд пулга муҳтож бўлсангиз, Учтепага келиб-кетишингизга тўғри келади. Бу ҳолатни қандай изоҳлаш ёки тушуниш ўзингизга ҳавола. 
Бундан ташқари, амалда нақд пул олиш мумкинлигини айтган айрим банклар бунинг учун раҳбарнинг рухсати кераклигини таъкидлашларидир. Бу нимани англатади? Пластик карточка сизга қарайди, уни ва унинг ичидаги маблағни исталганча тасарруф қилиш бўйича мутлақ ҳуқуқ аслида сизга тегишли, кўриб чиқаётганимиз масала, яъни пластик карточкадан нақд пул ечиб олиш борасида ҳам. Бироқ амалда пластик карточкангиздан пул ечиб олишингиз учун учинчи шахснинг рухсати талаб қилинади.
Шу ўринда иккинчи савол туғилади: Наҳотки, мижозларига сифатли ва кенг қамровли хизмат кўрсатишдан манфаатдор бўлганлар, сунъий равишда мижозларга қийинчилик туғдираётганларини билишмаса? Масалан, бу борада хориж тажрибасига қараладиган бўлса (ишонаманки, республикамиздаги барча банклар бундан жуда яхши хабари бор, чунки кўп ҳолларда айнан хориж тажрибасини рўкач қилишлари сир эмас), исталган банк пластик карточкаси билан исталган банкомат (ҳозирча, бизлар учун эртак) ва ёки банкдан нақд пулларини ечиб олишлари мумкин. Бунинг учун ўша банк хизмат ҳақини тўласангиз кифоя. 
Юқоридаги икки ҳолат банкларнинг мижозларга кўрсатаётган хизмат сифатларига доир мисоллар эди, холос. Банк хизматлари борасида камчилик ва муаммолар талайгина, аммо уларни бартараф этиш борасида масъулиятни зиммасига оладиган “марказий банк” топилмаяпти...интизорлик билан кутиб қоламиз!
Толиб Раҳматов
Калит сўзлар: ҳолда, ҳисоб, қилди, қарор, чунки, хориж, хизмат, хабари, ўринда, тўғрисидаrdquo, тўғри келади, тўғри, сизга, рухсати, раҳбарнинг рухсати, раҳбарнинг, равишда, пластик, муаммолар, мижозларга

Мавзуга оид янгиликлар:

 УШБУ ХАБАРГА ЎЗ ФИКРИНГИЗНИ БИЛДИРИНГ.
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН ЎТИШ КЕРАК!


   
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930   
Сўровнома

Loading...

Логин
Пароль
Сақлаш