No icon

«Алп Жамол» банкнинг собиқ раҳбари Ўзбекистонга қайтди ва зарарни қоплади

«Алп Жамол» банки кузатув кенгашининг собиқ раиси Муҳиддин Асомиддинов иши бўйича тергов тикланди. У Ўзбекистонга қайтиб келди ва етказилган зарарни қоплади, деб хабар берди «Gazeta.uz».

2010 йил мартида тугатилган «Алп Жамол» банки кузатув кенгашининг собиқ раиси Муҳиддин Асомиддиновга нисбатан жиноят иши бўйича тергов тикланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилган.

Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 184 (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва бошқа моддалари бўйича қўзғатилган жиноят иши Муҳиддин Асомиддиновнинг қидирувдалиги сабабли тўхтатилган эди. Унинг кўнгилли равишда қайтиши ва терговга жалб этилиши муносабати билан жиноят иши тикланди.

«Айбланувчининг содир этган қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ қоплагани ва тергов билан фаол ҳамкорлик қилаётган нуқтаи назаридан унга қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхатга ўзгартирилди», — дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан олиб борилмоқда.

«Алп Жамол» банки 1998 йил мартида ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистондаги энг биринчи хусусий банклардан бири эди. 2010 йил мартида Марказий банк банк қонунчилигини бузишда айблаб, унинг банк операцияларини олиб бориш бўйича лицензиясини қайтариб олган.

2010 йил 1 январь ҳолатида банк активлари 118,6 млрд сўмни, мижозлар сони эса 155,78 минг юридик шахсни ташкил этган. Банк Тошкентдан ташқари, Тошкент, Қашқадарё, Наманган ва Самарқанд вилоятларида ҳам фаолият олиб борган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика