No icon

Гулнора Каримова энди жазони умумий тартибли колонияда ўтайди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 1972 йилда туғилган Каримова Гулнора Исламовнага 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Инсонпарварлик нуқтаи назаридан ҳамда маҳкума жиноий йўл билан орттирилган пул маблағларини қайтариш ва давлатга етказилган зарарни қоплаш мажбуриятларини ўз зиммасига олганлигини эътиборга олган ҳолда, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2018 йил 1 июлдаги ажрими билан Г.Каримовага тайинланган жазо 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган. Озодликни чеклаш жазосини ўташ жойи этиб маҳкума Г.Каримованинг ўз танловига кўра, қизи Имон Каримованинг яшаш жойи белгиланган.

Шу билан бирга, маҳкума Г.Каримова зиммасига қонунчиликда назарда тутилган қатор чекловлар, шу жумладан, яшаш жойидан чиқиб кетмаслик, алоқа воситаларидан ва Интернетдан фойдаланмаслик ҳамда зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.

Маҳкума Г.Каримовага озодликни чеклаш жазосини ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек, суд томонидан юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, суд жазонинг ўталмай қолган муддатини бошқа жазо билан алмаштириши мумкинлиги тушунтирилган.

Лекин маҳкума Г.Каримова жазони ўташ даврида суд томонидан ўрнатилган чекловларни мунтазам равишда бузиб, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаган.

Хусусан, маҳкума Г.Каримова 2018 йил 22 ноябрь куни яшаш жойидан ўзбошимчалик билан чиқиб кетган ҳамда жазони ўташ тартиби ва шартларини бузмаслик ҳақида огоҳлантирилган.

Огоҳлантиришга қарамасдан, Г.Каримова ўзига тегишли хулоса қилмасдан, жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузишда давом этган, хусусан:

мунтазам равишда алоқа воситаларидан, шу жумладан, интернетдан фойдаланган;

жиноят иши бўйича аниқланган ўзи томонидан етказилган зарарнинг қопланишига фаол тўсқинлик қилган.

Г.Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини қасддан бузганлиги сабабли жиноят-ижроия қонунчилигига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси ҳузуридаги Пробация хизматининг тақдимномасига асосан, 2019 йил 5 мартда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Имон Каримова онасининг ўз хонадонидан ўғирлаб кетилганини маълум қилди. Бош прокуратура изоҳ берди

Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова Instagram’га жойлаган сторисда онаси ўз хонадонидан ўғирлаб кетилганлиги ҳақида маълум қилди, деб ёзади Repost.

Фото: Instagram / @iman.k17

Имоннинг сўзларига кўра, уларнинг Тошкентдаги квартирасига прокуратура ходимлари бостириб кириб, дастлаб онасига таҳдид қилган, сўнг уни номаълум томонга олиб кетган.

«Айни пайтда у қаерда эканлигини ва унга нима қилганлигини ҳеч ким билмайди, аммо Швейцариядаги адвокатлар ва прокурорлар хабардор қилинган ва улар чоралар кўрмоқда», — деб ёзди Имон.

Скриншот: Фото: Instagram / @iman.k17

Гулнора Каримованинг қизи онаси муддатидан олдин шартли равишда озод қилинганидан кейин, 2018 йил июни охиридан буён Тошкент ҳудудидаги хонадонда яшаётганини тасдиқлади.

Нашр ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилганида Имон Каримованинг баёноти ҳақиқатга зид эканлигини, жойлаштирилган фотосуратлар эса эски эканлигини маълум қилишган.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика