No icon

Наманганда 1,5 млн долларни Қирғизистонга олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди

ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида 1983 йил Наманган шаҳрида туғилган, муқаддам судланган Баҳром Баҳодиров Nexia русумли машинасида «Наманган—Заркент» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида Янгиқўрғон тумани, «Газнон» МФЙ ҳудудида тўхтатилди.

Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салонида селофан пакетга солиниб, скотч билан ўралган 967.311 АҚШ доллари борлиги аниқланди ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Дастлабки терговолди суриштирув вақтида маълум бўлишича, у божхона назоратини четлаб ўтиб, ушбу пулларни Қирғизистонга ўтказишни режалаштирган.

Шунингдек, унинг шериги, 1972 йилда Наманган шаҳрида туғилган, муқаддам судланган Абдумажид Носиров «Тошкент—Наманган» йўналишида Nexia автомобилини бошқариб кетаётган вақтида Чуст тумани ҳудудида тўхтатилди. Унинг машинаси кўздан кечирилганда 591.487 АҚШ доллари борлиги аниқланди ва тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Катта миқдордаги ушбу хорижий валюта ҳам Бахром Баходировга етказилиши ва Янгиқўрғон тумани, «Заркент» МФЙ ҳудудидаги айланма йўллар орқали Қирғизистонга ўтказилиши лозим бўлган.

Ўтказилган тезкор тадбир жараёнида жами 1 миллион 558 минг 798 АҚШ долларининг ноқонуний тарзда мамлакатдан олиб чиқиб кетилишининг олди олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ДХХ Наманган вилояти бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фикрлар

Яндекс.Метрика