No icon

Яна бир ҳокимлик ходими пора билан қўлга тушди

Фарғонада 5500 АҚШ доллари эвазига 8 сотих ер майдонини турар жойга расмийлаштириб беришни ваъда қилган мутасаддилар ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Фирибгарлик ва порахўрлик жамиятни таназзулга етакловчи энг жирканч омил эканлиги бот-бот ёдга олинсада, ҳануз орамизда мана шундай ноқонуний ҳатти-ҳаракатларнинг “ижодкорлари” учраб турибди.

Жорий йилнинг 18 май куни марғилонлик, 1994 йилда туғилган фуқаро Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида “Д” исмли фуқаро танишлари, Фарғона шаҳар “Ермулккадастри” ер тузиш бўлими ходими “У” ва Фарғона шаҳар ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлимида раҳбар лавозимида ишловчи “Н” исмли шахслар орқали Фарғона шаҳар ҳудудида жойлашган экин майдони ҳисобланмаган бўш турган ер майдонидан 8 сотихини турар жой сифатида ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 5500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида талаб қилиб келаётганлигини билдириб, уларга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.

Ушбу аризага асосан, 23 май куни Фарғона вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Департаментнинг Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, гумонланувчилар Фарғона шаҳар Янги Марғилон кўчасида жойлашган автомобилларга пропан газ қуйиш шаҳобчаси олдида олдиндан келишилган 5500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида олган вақтда ушланди. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов олди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фикрлар

Яндекс.Метрика