No icon

Президент Рамазон ҳайити муносабати билан 258 фуқарони авф этди ва Туркманистонда ҳам...

“Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 фуқаро афв этилди. Афв этилган шахсларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари, 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.
***

Туркманистон Республикасида жойлашган жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган 61 нафар Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатда эълон қилинган амнистия актига асосан озодликка чиқарилиб, юртимизга қайтарилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Озод этилганларнинг 59 нафари эркак ва 2 нафари аёллар бўлиб, 1 нафардан Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятидан, 2 нафари Бухоро, 3 нафари Тошкент, 5 нафари Қашқадарё, 25 нафари Хоразм вилояти ва 24 нафари Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи фуқаролардир.  Улар карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда Бухоро вилояти Олот туманидаги Божхона чегара пости орқали Республика ҳудудига киритилиб, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган 14 кунлик махсус карантин сақлаш жойига жойлаштирилди.

Улар орасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қидирувда бўлган 5 нафар шахсларнинг 3 нафари Хоразм вилояти ва 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи фуқаролар. 2 нафар шахслар махсус конвой автомашинаси орқали яшаш жойи ­­— Қорақалпоғистон Республикасига жўнатилди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика