No icon

Легионерларимиздан дараклар: 1-турда юбилей голга муаллифлик!

Тарихий гол ва муҳим ғалаба. Россия Премьер-лигасининг янги мавсуми «Ростов» вакили Элдор Шомуродов учун жуда омадли бошланди. Валерий Карпин шогирдлари илк тур ўйинини ўз майдонларида «Оренбург»га қарши ўтказиб, 2:1 ҳисобида зафар қучишди. Диққатга сазовор томони, «Ростов»нинг мавсумдаги дастлабки голи айнан терма жамоамиз ҳужумчиси ҳисобига ёзилди. Яна бир жиҳати, бу жамоанинг Россия чемпионати тарихидаги 500-голи бўлди. Умуман олганда, бошланғич таркибда майдонга тушган Элдор 82-дақиқагача фаол ҳаракатланди ва якунда ўз ўрнини захира вакилига бўшатиб берди. Дарвоқе, «Оренбург» сафидаги ҳамюртимиз Вадим Афонин ҳам асосий таркибда майдонга тушди. Ўйинда  тўлиқ вақт тўп сурган ярим ҳимоячимиз 82-дақиқада ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Шу ўринда айтиш жоиз, Шомуродов ўзи иштирок этган охирги 5та ўйинда айнан 5та гол урди. У ўтган ой Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Сурия термасига қарши кечган ўртоқлик учрашуви (2:0)да «дубл»га эришганди. Элдор шунингдек, «Ростов» ва ЦСКА ўртасидаги мавсумолди учрашуви (2:1)да ҳам рақиб дарвозасини 2 марта нишонга олди. Шомуродов шунинг баробарида «Краснодар» (0:3) ҳамда «Ганновер» (1:2) билан назорат баҳсларида майдонни голсиз тарк этди. Виталий Денисовнинг янги клуби - «Рубин» эса тур учрашувини кеча Москвада «Локомотив»га қарши ўтказди.

Чиройли ҳисоб. Хитой Суперлигасида чемпионлик учун курашаётган «Шанхай СИПГ» клуби 17-турда «Жиангсу Сайнти» меҳмони бўлиб, ортга чиройли ғалаба билан қайтди. Бутун вақт давомида тўлиқ ташаббусга эришган шанхайликлар Халк, Оскар ва Веи Жангнинг голлари эвазига 3:0 ҳисобини қайд этишди. «СИПГ»нинг бошланғич таркибидан жой олган Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Одил Аҳмедов ҳам мазкур ғалабага ўз ҳиссасини қўшди. Тўғри, ҳамюртимиз 74-дақиқада захира футболчиси билан алмаштирилди. «Шанхай СИПГ» айни ҳолатда 43 очкога эга ва ҳамон турнир жадвалининг 3-ўрнида бормоқда. Аҳмедов жамоасидан олдинда «Пекин Гуоан» (45 очко) ва «Гуанжоу Эвер­гранд» (43 очко) бор.

Бой берилган имконият. Жанубий Корея чемпионати олий дивизионида ҳам ғолиблик учун кураш қизғин давом этмоқда. Таркибида Икром Алибоев тўп сураётган «Сеул» клуби ўтган ҳафта турнир жадвалида 1-ўринга кўтарилиб олиши мумкин эди. Бироқ пойтахтликлар аввалига ҳафта ўртасида «Чежу Юнайтед»га бас келолмадилар - 2:4. Жамоа ҳартугул, 21-тури доирасида «Инч­хон Юнайтед» меҳмони бўлиб, ушбу йўқотиш ўрнини қоплади. Яъни сеулликлар сафарда 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ортга муҳим 3 очко билан қайтишди. Терма жамоамиз ярим ҳимоячиси «Сеул»нинг ҳар икки учрашувида майдонда тўлиқ вақт давомида тиним билмади. Хуллас, «К»-лига 21-туридан кейин турнир жадвалининг юқори тиғизлик сақланиб турибди:

1. «Чонбук Моторс» - 45 очко

2. «Ульсан Хюндай» - 44 очко

3. «Сеул» - 42 очко

 

Фикрлар

Яндекс.Метрика