No icon

Ўзбекистон 2021 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 20 трлн, коронавирусга қарши курашиш учун 3 трлн сўм ажратишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 октябрь куни 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.  Қайд этилишича, коронавирус пандемияси кўпгина режаларга жиддий таъсир кўрсатди. Лекин қабул қилинган қарорлар ва ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2020 йилги бюджет параметрлари ижроси таъминланмоқда. Бу эса пандемия оқибатларини бартараф этишга 13,4 триллион сўм маблағ йўналтиришга имкон берди.

Давлат раҳбари 2021 йилги бюджетни режалаштиришда пандемиянинг давом этиши, жаҳондаги иқтисодий фаоллик пасайишини инобатга олиш кераклигини таъкидлади.

Соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм, шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм белгиланиши кўзда тутилган.

Илк бора онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм ажратилмоқда. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, 2021 йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалиниб даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бир бемор учун 32 миллион сўмдан, жонлантириш бўлимида ётган оғир аҳволдаги ҳар бир беморга ўртача 64 миллион сўмдан маблағ сарфланаётгани маълум қилинган.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 2020 йилнинг апрель ойида вазирликка 5,4 триллион сўм, шу жумладан, 3,9 триллион сўм давлат бюджетидан ва 1,2 триллион сўм Инқирозга қарши кураш жамғармасидан ажратилганини маълум қилганди. Шунингдек, халқаро молия ташкилотларининг 32 миллион доллар маблағи ҳам ўзлаштирилгани, жиҳозлар ва қурилмалар сотиб олиш учун 150 миллион долларга шартномалар имзолангани маълум қилинганди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика