Изтироб исканжасида ёки футболдаги оғриқли воқеалар ҳақида...
Қуйида хорижлик касбдошимизнинг футбол тарихидаги ўта оғриқли воқеалар хусусидаги ҳикояси билан танишасиз.
«Маракана»да 200 минг мухлиснинг кўз ёшлари
Дунёнинг тенгсиз терма жамоаси бўлган «пентакампеонлар» тарихи ҳам қайғули саҳифалардан холи эмас. Улардан бири 1950 йилнинг 16 июлида юз берган. «Маракана»га жам бўлган 200 минг мухлис суюкли жамоаси Уругвай термасини қай йўсин маҳв этишидан завқланиш умидида эди. Бироқ амалда бунинг акси юз берди, меҳмонлар ғалабаси шунча мухлисни йиғлатиб кетди.
ЖЧдаги аламли мағлубият
Қандай азоб, қандай ҳол, Аргентина - Ямайка 5:0 - машҳур қўшиқ лавҳасини кўпчилик унутмаган бўлса керак. «Чайф» гуруҳи ямайкалик ишқибозларнинг аянчли ҳолати ҳақида куйлаганди. Лекин сальвадорлик мухлислар қайғуси олдида бу ҳеч нарса эмас: 1982 йил мундиалида Сальвадор терма жамоаси битта учрашувда ўз дарвозасидан 10та тўп ўтказиб юборган ва атиги битта гол билан жавоб қайтарганди.
Баджонинг тарихий хатоси
Роберто Баджо «скуадра адзурра»нинг ажойиб ўйини илҳомчиси эди, у ҳамон футбол оламининг энг ёрқин афсоналари сафида. Лекин 1994 йилги мундиал финалидаги хатоси фаолиятининг охиригача уни таъқиб этганди. Роберто ўша пенальтини голга айлантира олганида, ҳозир «пентакампеон» унвони Бразилия эмас, Италияда бўларди. Италиялик мухлислар ҳолатини тасаввур қилиш қийин эмас.
Роналдонинг жароҳати
Бразилиялик бу афсонанинг фаолиятини жароҳатлар қурбони сифатида таъкидласак, хато бўлмайди. 23 ёшгача бўлган сермаҳсул ҳужумчилар рўйхатида у 3-ўринни банд этган. Энди тасаввур қилинг, унинг тиззалари соғ-лом бўлганида, қанча гол уриши мумкин эди? Ҳар бир навбатдаги жароҳат нафақат феноменнинг, балки сон-саноқсиз мухлисларнинг кўз ёшларига сабаб бўлганди.
Зиданнинг бош билан зарбаси
Жаҳон чемпионатлари финалидаги унутилмас четлатиш 2006 йилда Зидан билан юз берганди. Зизунинг кубокни тарк этаётган ҳолати акс этган кадр режиссёрга каттагина мукофот келтирган бўлса, ажабмас. Қизиғи, айнан ўша учрашув афсонавий плеймейкер фаолиятига нуқта қўйганди.
Россия термасининг омадсизлиги
Евро-2008даги бронза медалларидан кейин Россия терма жамоасида кутилмаган қоқилиш содир бўлди - нисбатан заиф рақибга имкониятни бой бериб, ЖЧ-2010да иштирок этолмади. Ўшанда
россиялик мухлислар илк бора ФИФАдан Словения билан такрорий учрашув ўтказиш ёки Словенияни мусобақадан четлатишни талаб қилишди. Далил сифатида улар ҳакамлик адолатли бўлмаганини келтиришганди. Эслатиб ўтамиз, жавоб учрашувида россиялик икки нафар ўйинчи майдондан четлатилганди. Кержаков рақиб футболчиси билан тўқнашиб кетганида ҳакам ҳуштаги чалингач, ҳамма пенальтига умид қилганди. Рефери эса бунинг ўрнига ҳужумчига «қизил» кўрсатганди.
2010 йилдаги Уругвай - Гана беллашуви
Мазкур беллашувнинг сўнг-ги дақиқаларида тўпни ўз дарвозасидан қўл билан уриб чиқариб юборишга мажбур бўлган Суарес майдондан четлатилганда кўз ёшларини тия олмаганди. Ганаликлар эса бу воқеадан мамнун бўлиб, ўзларини кейинги босқичда ҳис эта бошлагандилар. Бироқ жамоа тўпурари Асамоа Гьян «нуқта»дан зарба йўллашда хатоликка йўл қўйгач, Луиснинг қайғуси қувончга айланди. Якунда Уругвай ярим финалга чиқди, ганаликлар эса, айниқса, Гьяннинг аянчли ҳолатини таърифлашга тил ожиз...
Бразилиянинг 2014 йилдаги мағлубияти
Жароҳат олган Неймар ва сардор Тьяго Силвасиз майдонга тушган «пентакампеонлар» ўз мухлислари қаршисида Германиядан ўта шармандали мағлубиятни қабул қилишганди. Ярим соатга етмаган вақт ичида мундиал мезбонларининг ўз дарвозаларидан 5та тўп ўтказиб юборишларини нафақат ўзлари, ҳатто рақиблари ҳам кутмаган бўлсалар керак. Якуний ҳисоб эса - 7:1.
«Камп-Ноу»нинг Кройф билан хайрлашуви
2016 йилдаги «эль класико» арафасида мухлислар клуб рангидаги 90 минг дона карточкадан чинакам санъат асарини яратишган, 14 рақамли улкан футболка остида «Раҳмат, Йохан!» ёзуви битилганди. Бу каби шоҳона асарга мақтов шарт эмас.
Омадсиз Кариус
ЕЧЛ-2018 финалида Лорис Кариус томонидан йўл қўйилган хатони кейинчалик «Реал»га қарши баҳсда «Челси» посбони Эдуар Менди такрорлади. Қизиғи шундаки, ҳар икки воқеада ҳам «қовунлар» таъмини тотиб кўриш Карим Бенземага насиб этди. Германиялик дарвозабон тўпни тўппа-тўғри франциялик ҳужумчининг оёқлари томон думалатди ва «қироллик клуби» олдинга ўтиб олди. Кейин у Гарет Бэйлнинг зарбасидан сўнг тўпни қўллари орасидан ўтказиб юборди. Ҳа, Лориснинг ҳолатига ҳавас қилиб бўлмасди, аммо «Ливерпуль» мухлисларининг аҳволи унданда баттарроқ эди. Миш-мишларга кўра, ўша ўйин чоғида Кариуснинг миясидан жароҳат олгани жиддий хатога сабаб бўлган. Бироқ бу унинг хатосини оқлай олмайди.
Буффоннинг «синьора»ни тарк этиши
Жанлуиджи Буффон фаолияти давомида кўплаб сов-ринларга сазовор бўлган. Лекин Чемпионлар Лигаси бош соврини Жиджи учун ушалмас орзу бўлиб қолаётганди. Шу сабабли сўнгги мавсумдаги чорак финалда «Реал»га имкониятни бой берганига чидай олмади. Боиси, жавоб учрашувида «Ювентус» бой берилган имкониятни қайтариб олиши мумкин эди. Аммо учрашув ҳаками Мартин Оливер ўйинга ўз улушини қўшишга қарор қилди. Адолатсизликдан дарғазаб бўлган Буффон Оливернинг кўксидаги қалб эмас, ахлат қутиси эканлигини айтганди.
«Аякс»нинг турнирни тарк этиши
Мавсум-2018/2019да Нидерландиянинг энг номдор клуби бетараф мухлислар меҳрини қозонганди. Ўшанда Эрик тен Хагнинг навқирон жамоаси ЕЧЛнинг иккинчи саралаш босқичидан ярим финалига қадар етиб борганди. Бироқ ўз йўлида «Реал» ва «Ювентус»дек грандларни тиз чўктирган жамоа «Тоттенхэм» тўсиғидан ўтолмади. Энг аламли жиҳати шундаки, жавоб учрашувининг сўнгги 35 дақиқасида Лукас Моура «хет-трик»ка эришиб, «тақачилар»ни сафарда урилган гол устунлиги эвазига финалга олиб чиқди. Афсуски, ўша мавсумда рақиб майдонида урилган гол устунлиги бекор қилинмаганди.
Мессининг «Барса» билан хайрлашуви
Лео Каталонияда қолиш истагида эди, аммо маошининг 50 фоизидан воз кечиш эвазига ҳам фаолиятини қадрдон клубида якунлашга муваффақ бўла олмади. 2021 йилнинг ёзи аргентиналик афсона фаолиятини иккига ажратиб ташлаган заҳарли тиғ бўлди.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Теглар
Изоҳ / Жавоб
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
Хизмат кўрсатган артист Р...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
Коронавирусдан даволанаёт...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
2020 йилда айрим мансабдо...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
Абитуриентларга тўловлари...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 26, 2021
Архив
Тавсия этилган
-
Шомуродов бутун мавсум да...
- Хабар муаллифи Bahrom
- June 4, 2021
-
Абитуриентларга тўловлари...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 26, 2021
-
Ёш олима Зебуниссо Аҳмедо...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 28, 2021
Ахборот бюллетени
Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!