Қоронғи режим
Thursday, 09 January 2025
Logo
Аваз Бердиқулов: «ОЧЛ даражасини ошириш йўлида ҳаракат катта»

Аваз Бердиқулов: «ОЧЛ даражасини ошириш йўлида ҳаракат катта»

ОФК тизимида ишлаётган ўзбекистонлик мутахассислар кўп эмас. Улардан бири - Аваз Бердиқулов. Яқинда tribuna.uz сайти журналистлари ОФК Мусобақаларни ўтказиш бошқармаси футбол тадбирлари бўлими раҳбари сифатида фаолият юритаётган ҳамюртимиздан Осиё футболидаги турли мавзулар юзасидан кенг интервью олишди. Ўйлаймизки, суҳбат тафсилотлари кўпчиликни етарлича қизиқтиради.

— Авазбек, ОК-2023га тайёргарлик ва турнирга мезбон топиш масаласи қандай кетмоқда?

— Ҳозирда ОФК олдида турган асосий иш — айнан 2023 йилги қитъа чемпионатини қаерда ўтказиш. Хитой коронавирус хавфи ортидан мезбонлик ҳуқуқидан воз кечди. Альтернатив вариантлар қидирилмоқда. Бунда қитъа биринчилигига йўлланма олган жамоалардан бирини танлаш керак, чунки чиқолмаган термага бўш ўрин йўқ. Ҳозирча 4та мамлакат қизиқиш билдирди — Жанубий Корея, Индонезия, Қатар ва Австралия. Турнир муддати учун икки вариант бор - 2023 йилнинг ёзи ва 2024 йилнинг январь ойи. Агар Қатар ёки Австралия мезбонликни қўлга киритса, ОК қишда бўлади, қолган иккиси эса турнирни ёзда қабул қила олади. 17 октябрь куни Куала-Лумпурда Ижроий қўмитанинг навбатдаги йиғилиши ўтказилади ва унда мезбон мамлакат эълон қилиниши керак. Ўзбекистон? Ўзимиздан мезбонликка қизиқиш билдирилмади. Мамлакатимиз 4-5 йил олдин номзодлар қаторида эди, аммо талаблар қў­йилганидан сўнг ариза қайтариб олинди.

— Тошкентда ташкиллаштирилган U-23 тоифасидаги Осиё кубогида биз кўрмаган қандай камчиликлар кузатилди?

— Ҳар бир турнирда муаммолар юзага келади. Айрим жамоалар натижага эришолмай, айбни ташкилотчиликдан излайди. Бу пандемиядан кейин ўтказилган ОФК миқёсидаги энг йирик турнир бўлди. Тиббиёт томонлама кўп ишлашга тўғри келди. Бир қатор футболчиларда коронавирус аниқланди, уларнинг ўрнига бошқаларни чақириш имконини бердик. ЎФА янги футболчиларга тезкор равишда виза тайёрлаб берди. Мусобақани июнда, яъни иссиқ об-ҳаво шароитида ўтказдик. Кузда иложи йўқ эди, ҳар ҳолда, тақвимга киритилган Осиё ўйинлари ҳали бекор қилинмаганди. Май ойида эса ФИФА кунлари бор эди, миллий жамоалар сафида 23 ёшгача бўлган йигитлар ҳам ўйнашлари мумкинлиги инобатга олинди. Аслида бу мусобақа ҳам Хитойда ташкиллаштирилиши керак эди, лекин пандемия халақит бергач, мезбонлик ҳуқуқини шошилинч тарзда Ўзбекистонга бердик. Тошбўрон воқеаси (1|4 финалда Ўзбекистон ва Ироқ термалари ўртасидаги баҳсда мухлислар ҳакам ва операторларга тош отишганди)? Аслида «Пахтакор» стадиони турнирга тайёр эмасди. Лекин айтганимдек, мезбон қидиришга вақт қолмаганди. Ўша куни стадионга етарлича хавфсизлик ходимлари бириктирилган. Қайд­номада стадионда тош бўлиши керак эмаслиги ҳақида ёзилган, аммо тош отилаётган паллада ходимлар нима қилишлари лозимлиги киритилмаган. Бу воқеа ОФКга ҳам дарс бўлди. Тошбўрон воқеаси ўзбекистонлик футболчилар фойдасига ишлади, менимча. Баъзида сунъий йўл билан бўлса-да, ўйинчилар шаштини қўзғатиш керак. Фикримча, тошбўрон кузатилмаганида, футболчиларимиз жасорат кўрсата олишмасди, ғалаба Ироқ термасига насиб этарди.

— Мезбонлик масаласида ОФКнинг қандай мамлакатлардан кўнгли тўқ?

— Турнир якунланмагунича бунақа бўлмайди, чунки ҳар бир мамлакатда  ўзига яраша муаммо туғилиши мумкин. Ҳозирда иложи борича мусобақаларни ҳали мезбонлик ҳуқуқи берилмаган мамлакатларда ташкил этиш йўлидан боряпмиз. Масалан, Қатар доим исталган турнирни қабул қилишга рози. Лекин фақат осон йўлни танламай, футбол географиясини кенгайтириш керак. Олтин ўртани топиш қийин. Жамоаларга сафар ўйин­лари учун 20 минг доллардан бериларди. Японлар эса эътироз билдиришарди: «Бизга 50 мингдан беринглар, рейслар қиммат». Бунда ОФКни УЕФА билан таққослаб, кўп танқид қилишади. Ўқиб тураман. Европада барчаси тартибга солинганини айтишади. Бундайларга жавобим оддий: «Кел, Осиёда бир мусобақа ўтказиб кўр». Оддий мисол — виза масаласи. Европада битта давлатдан иккинчисига бемалол ўтиш имкони бор. Осиёда эса ҳаттоки, Ўзбекистондан Тожикистонга бориш учун виза олишга тўғри келарди. Яна тил, маданият ва дин борасида тўсиқлар бор. Араблар «Рамазон ойида ўйнаймизми?» дейишса, Саудия ҳаж вақти турнир ўтказмаслигини, Хитой эса янги йилда мамлакат ёпиқ бўлишини айтади. Футбол, умуман, спорт кераклиги учун ҳаракатдамиз. Раҳматли Мираброр Усмонов билан тез-тез гаплашиб турардим. У киши шундай деганди: «Футболга нега кўп пул сарфлаймиз? Чунки одамлар уни кўриб, ичидаги бор негативни чиқариб юборади ва эртасига яхшироқ ишлайди, самара кўрсатади. Сервер Жепаровга нега кўп маош берамиз? Чунки ёшлар етук футболчиларга эргашишади, Жепаровдек бўлишга интилиб, спорт билан шуғулланишади. Қисқаси, соғ­лом авлодни тарбиялаш учун футболчиларга кўп пул берамиз». Ўйлаб кўрсам, Мираброр аканинг гаплари жуда тўғри. Ўзбекистонда футбол нафақат биринчи, керак бўлса, иккинчи ва учинчи даражали спорт тури ҳам. Тўртинчи ўринда бошқаси туриши мумкин. Осиё, хусусан, Япония, Жанубий Корея ва Австралияда футбол биринчи рақамли спорт тури саналмайди. Лекин шунда ҳам бу мамлакатлар биздан яхши натижага эга.

— Ҳозиргача Бруней, Непал, Камбоджа ва Уммон каби мамлакатларда нега мусобақа ўтказилмаган?

— Қизиқиш йўқ. Мажбурлай олмаймиз. Масалан, Бруней — жуда кичик мамлакат. Ички чемпионати ҳам йўқ. Битта клуби бор, Сингапур чемпионатида иштирок этади. Камбоджада кичик турнирлар ўтказилган. Катта стадиони бор. Сўнгги пайтлар ривожланиш кўзга ташланмоқда. Бунда Жанубий Корея компанияларининг ўрни катта. Клублари тез орада ОФК кубогида яхши натижа кўрсата бошласа, ажабланмайман.

— «Сўғдиёна» стадиони ОФК кубоги ўйинларини ўтказиш талабига жавоб берадими?

— «Пахтакор»га қарши ўйин-(2:2)да стадионни кўрдим. Шунчаки, меҳмон сифатида бордим. Майда деталларга эътибор қаратмадим, асосийси, «масаллиқ» бор. Стадион шаҳар марказида жойлашган, чиройли. Биринчи таассурот зўр. Агар клуб «Хўжанд» тўсиғидан ўтса (интервью 7 август куни бўлган), шароитларни ўрганиш учун назоратчиларни юборамиз. Талабга жавоб берса, жамоа кейинги босқичлар ўйинларини уйида ўтказади.

— ОФКнинг шундай турнирларни «Шарқ» ва «Ғарб»­-га бўлиб ўтказиши ўзини оқлаяптими?

— Авваллари «Бугун ОЧЛ ўйини бор, мен ишлайман», десам, «Ие, ҳали тугамадими?» қабилида ҳайратланишарди. Чунки Ўзбекистон клуби чиқиб кетгач, турнирга қизиқиш йўқолади. Энди бутун Шарқ ва Ғарбда шундай бўлишини бир тасаввур қилиб кўринг. Чорак финалдаёқ Ғарбдан жамоа қолмаса, Осиё­нинг катта қисмига мусобақа давоми қизиқ бўлмайди. Бунда ҳомийлар ҳам катта йўқотишга учрашади, биз ҳам. Шу ўринда бир янгиликни айтиб кетсам: ОЧЛ форматини ўзгартирмоқчимиз. Турнирдан юқори турадиган «Элит лига» яратиш устида ишлаяпмиз. 2024 йилдан амалга ошиши мумкин. Ҳомийлар топдик. Унда энг кучли 20та жамоа йил давомида бир-бири билан ўйнайди. Ўзбекистон клублари иштирок этадими ёки йўқ, билмайман. Бадал пули баланд, мукофот пули ҳам. Мақсад — ОЧЛни даража бўйича ЕЧЛга яқинлаштириш. Ҳаттоки, легионерлар чекловини ҳам олиб ташламоқчимиз.

— Эрон ва Саудиянинг етакчи клублари ҳам гоҳида лицензия ололмаяпти. Лекин бизда қанчадан-қанча клубларга ҳужжат бериляпти. Бунда нимага қаралади?

— 47та мамлакат билан ишлаймиз. Барчани ўйлаган ҳолда минимум талаблар қўйилган. Ўзбекистон ёки бошқа давлат клубларига ОФК лицензия бермайди. Ҳар бир мамлакатнинг ўзи ОФК талаблари асосида беради. Агар бирор клубнинг қарздорлиги ҳақида маълумот келса, биз лицензияни бекор қилиш ҳуқуқига эгамиз.

— Фаластин, Ироқ, Сурия ва Афғонистон қандай нуқталар эканлигини биламиз. ОФК шундай мамлакатларга кириб боришга ҳаракат қиладими?

— Хоҳлаймиз. Яқинда Яманга бориб келдик. Мамлакат тез орада футбол учун очилиши мумкин. Ироқда аллақачон мусобақалар ўтказяпмиз. Фаластинда ҳеч қандай чеклов йўқ, фақат пандемия туфайли ЖЧ-2022 саралашини ўз ҳудудида ўтказолмади. Шу ўринда ФИФАнинг чекловларини ҳам унутмаслик керак. Ҳамон Афғонистон, Яман ва Сурияда футбол ўйинлари ўтказишга рухсат йўқ. Ироқдан тақиқни олишга эришдик, тез орада Яман ҳам «очилади».

— Хитой ва Хитой Тайпейи ўртасида можаролар кузатилмоқда. Қуръада шундай мамлакатлар клубларининг бир-бирига тўқнаш келмаслигига эътибор бериладими?

— Расман тақиқ бўлса, албатта. Ҳозирча бу борада чеклов йўқ. Ҳаттоки, ЖЧ саралашида Хитой ва Гонконг термалари бир гуруҳда ўйнади. Чеклов қўйилганида, аксини қилдик. Масалан, маълум муддат Саудия ва Эрон клублари ўзаро ўйинларни нейтрал майдонда ўтказди.

— Қатар мундиалида ҳам ишлайсиз. Вазифаларингиз ҳақида маълумот берсангиз.

— ФИФА халқаро мусобақаларга конфедерациялардан ходимлар чақиради. Мени ҳам таклиф этишди. 8та стадиондан бири — «Ал-Жануб»да ишлайман. Жамоаларнинг стадионга келиб, ўйинни ҳеч қандай муаммосиз ўтказиб кетишига жавобгарман. Уларни кутиб оламан, фақат мен гаплашаман, бошқа ҳеч ким безовта қилмайди. Мен масъул бўладиган биринчи ўйин - Франция термаси иштирокидаги баҳс. Жамоалар вакилларида қандай савол туғилса, менга мурожаат қилишади. ФИФАнинг ўша стадиондаги энг катта вакили сифатида ўйинга жавоб бераман. Яна ҳакамлар билан тўғридан-тўғри алоқада бўламан. Тўртинчи ҳакам олдида тураман. Қайсидир жамоа кечикса, ирқчилик кузатилса ёки бош­қа қандайдир сабаб билан баҳсни тўхтатиш лозим топилса, мендан сўрашади.

—ОФКда сиздан ташқари, Санжар Ризаев ҳам бор. Ўзбекистонга келганингизда, давомчиларингизни кўрганмисиз? Яъни биздан яна кимлар ОФКда ишлай олишлари мумкин?

— Ҳозир расман 3 кишимиз. 5 августдан Аҳмад Тиллаев ҳам фаолият бошлади. Тил билган исталган киши ишлаши мумкин. ОФК — тизимли ташкилот. Биз мурватлармиз. Даҳо бўлганим учун у ерда эмасман. Шунчаки, тўғри вақт­да тўғри жойга бордим. Осиё кубоги U-23да кўрдим, ЎФАдаги кўп ходимлар ОФК вакиллари билан инглизчада бемалол гаплашишди. Демак, халқаро ташкилотларда ишлаш катта муаммо эмас.

маълумот учун

Аваз Мусурмонқулович БЕРДИҚУЛОВ

- Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Мусобақаларни ўтказиш бош­қармаси футбол тадбирлари бўлими раҳбари

- 2008 йилдан буён ОФК­нинг Куала-Лумпур (Малайзия)да жойлашган бош штабида фаолият олиб бормоқда.

- 2001-2004 ва 2006-2008 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Жаҳон» ахборот агентлигида, 2004-2006 йилларда Шанхай ҳамкорлиги ташкилоти котибияти (Пекин, Хитой)да ишлаган.

- 1999 йили ЎзМУ ўзбек филологияси факультети, 2001 йили Борнмут (Англия) университетида мультимедия журналистика соҳасида магистратура босқичини тамомлаган. Хитойнинг Пекин чет тиллар университети халқаро муносабатлар ва дипломатия факультети докторанти.

- Оилали, 2 нафар фарзанднинг отаси

Бобур АКМАЛОВ суҳбатлашди

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!