Қоронғи режим
Logo
Клубга тенгдош компания ёхуд Бундеслига тарихидан...

Клубга тенгдош компания ёхуд Бундеслига тарихидан...

Германиянинг топ-клублари қайси компаниялар билан бир вақтда ташкил этилган? Хорижлик касбдошларимиз қуйидаги материал орқали ана шу қизиқарли мавзуга ойдинлик киритдилар.

«Бавария» ва  «Боруссия-М» (1900)

Мюнхеннинг гегемон клуби ва унинг гладбахлик азалий рақиби Германиянинг Adler автокомпанияси билан тенгдош ҳисобланади. Қайта ташкил этилишидан 20 йил аввал компания ёзув машинкалари ва калькуляторлар ишлаб чиқариш билан шуғулланар ва Heinrich Kleyer GmbH деб номланарди. Бироқ кейинчалик Генрих Кляйер соҳани ўзгартиришга қарор қилди ва транспорт воситаларини танлади. Иккинчи жаҳон урушида корхона вайрон бўлди, уни тиклаш учун маблағ йўқ эди. Шу сабабли компания аввалги соҳасига қайтиб, офис ускуналари билан велосипедлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Молиявий қийинчиликлар оқибатида компания 1957 йилда маиший жиҳозлар ишлаб чиқарадиган Grundig компанияси билан бирлаштирилди. 2 йилдан кейин эса Италиянинг Olivetti компаниясига сотиб юборилди.

«Боруссия-Д» (1909)

1909 йилга қадар Август Хорьх омадсиз тадбиркорлар сафида эди: у бахтини автомобиль бизнесидан излаб, 1899 йилда A Horch - Cie компаниясига асос солди ва 10 йил ичида бир нечта автомобилларни тайёрлади. Раҳбариятдаги ўзаро келишмовчиликлар туфайли Август корхонани тарк этди ва янги August Horch Automobilwerke фирмасини ташкил этди. 30-йилларда Audi Horch билан бирлашиб, Wanderer ва DKW ҳисобига кенгайтирилди ва Auto Union номини олди. Шу тариқа 4 ҳалқали логотип дунёга келди. Кейинчалик Wanderer, DKW ва Horch тугатилган бўлсада, рамз ўзгаришсиз қолди.


«Байер» ва  «Фрайбург» (1904)

1904 йилда тадбиркорлик соҳаси таназзулга юз тутган, фақат пластик хом-ашёлардан ўйинчоқ аскарларни тайёрлашга ихтисослашган Elastolin компанияси талаб даражасида фаолият кўрсата олганди. Пластилиндан кенг фойдаланадиган корхона оддий аскарлар қаторида Вильгельм II, ҳатто 30-йилларда Адольф Гитлер сиймоларини ҳам ишлаб чиқарганди. Бироқ тез орада корхона касодга учради, аскарчалар ҳеч кимни қизиқтирмай қўйди ва 1983 йилда компания банкрот бўлди.


«Унион» (1966)

Берлин клуби сув фильтрларини ишлаб чиқарувчи Brita комапаниясининг тенгдоши. Аввалига у Aqua De Mat номи остида эди. Тез орада Хайнц Ханкаммер ўз компаниясига қизининг исмини берди. Ҳозирда корхона дунёнинг 69та давлати билан ҳамкорлик қилади. Фақат Шимолий Америка қитъаси бундан мустасно.


«РБ Лейпциг» (2009)

2009 йилда футбол индустриясини забт этиш бўйича Наполеонга хос режа тузган «РБ» Лейпцигда ўз клубини ташкил этди. Айнан шу йилда Bit Composer Interactive компанияси ҳам дунёга келди. Номини эшитган киши уни мусиқий асбоблар корхонаси, деб ўйлаши мумкин. Бироқ аслида у Германиядаги видеоўйинлар нашриётидир.


«Хоффенхайм» ва «Айнтрахт» (1899)

1899 йил уй бекалари учун унутилмас йил бўлганди - айнан шу йили кир ювиш машиналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Miele компаниясига асос солинди. Шундан бери уни Миле (51,1 фоиз) ҳамда Цинканн (48,9 фоиз) оилаларининг авлодлари бошқариб келишмоқда. Маркус Миле компаниянинг амалдаги соҳиби. 2007 йилда Германиянинг энг муваффақиятли компанияси сифатида эътироф этилган корхона Google ва Porsche брендларидан ўзиб кетганди, ҳозир дунёдаги маиший техника воситалари корхоналари орасида етакчи бешликда бормоқда.


«Кёльн» (1948)

Иккинчи жаҳон урушидаги яққол мағлубиятдан кейин Германия иқтисодиёти ночор ҳолатга тушиб қолган, улкан майдонлар америкаликлар ва британияликлар томонидан босиб олинганди. Ўша оғир даврда босиб олинган ҳудудларда пул муомаласини назорат қилиш мақсадида «Немис давлатлари банки» (BdL) ташкил этилди. Банк немис маркаларини тарқатиш билан шуғулланган бўлсада, АҚШ, Британия ва Франция назорати остида фаолият юритган. 1957 йилда унинг ўрнини эгаллаган «Немис федерал банки» ҳозир ҳам фаолиятини давом эттирмоқда.


«Майнц» ва  «Арминия» (1905)

1905 йилда Франц Риттер ўз ўғли билан ошхона анжомларини зангдан тозалайдиган ускуна яратди. Унинг ғояси - махсус чўтка анжомларни зарар етказмаган ҳолда тозаларди. Тез орада Франц ўз ихтироси учун патент олиб, Ritterwerk компаниясини очди. Шиддат билан ривожланган компаниянинг хизматчилари сони 20 йилда 130 нафарга етди, 100 мингдан ортиқ киши пичоқ тозалаш асбоби соҳибига айланишди. Ҳозир компания уй бекалари учун электр чойнаклар, нон пишириш мосламалари ишлаб чиқармоқда.


«Бохум» (1938)

Чойнак ва тостерларни бир четга суриб, нафис техника воситаларига ўтамиз. 1938 йилда икки маслакдош физиклар - Лотар Роде ҳамда Герман Шварц техник асбоб-ускуналарни текшириш жиҳозларини ишлаб чиқарадиган компанияга асос солдилар. Орадан 10 йил ўтгач, АҚШ армиясидан ҳарбий ҳаво кучлари учун радиоускуналарни текшириб турадиган ўлчагичларга буюртма берилди. Корхона ҳозир ҳам муваффақиятли фаолият юритмоқда, АҚШ ва Сингапурда ўз филиалларига эга. Ўтган йилни компания 2 млрд. евро даромад билан якунлади.


«Герта» (1892)

Рўйхатимиздаги Германиянинг энг кўҳна клуби ва компанияси. Алкоголь ичимликлар ишлаб чиқарувчи BEHN компанияси 100 йилдан кўпроқ вақтдан бери Бенлар оиласи тасарруфида. Унинг 90-йилларда ишлаб чиқарган ликёри асосий маҳсулот ҳисобланади.


«Вольфсбург» (1945)

Маълум сабабларги кўра, германиялик ишбилармонларнинг фаоллиги 1945 йилда пасайиб қолган бўлсада, бир нечта ташаббускорлар Aufbau-Verlag китоб нашриётини ташкил этишди. Аввалига у ГДРни, ҳозир эса бутун Германияни китоб билан таъминламоқда. Нашриётда рус адабиётига қизиқиш кучли. Ёзувчи Борис Акунин учун нашриёт ўз сайтида алоҳида саҳифа ажратган.


«Аугсбург» (1907)

Суғурта хизмати ва бошқа тўловларни амалга оширишга ихтисослашган Signal Iduna Group компанияси турли шаҳарлар ва мамлакатларда ўз филиалларини очган. Футбол мухлисларига у «Боруссия-Д» орқали яхши таниш. Гап шундаки, 2005 йилда дортмундликлар ўз стадионларини ҳомий номи билан юритиш борасида шартнома имзоладилар. Яқинда келишув муддати 2026 йилга қадар узайтирилди.


«Штутгарт» (1893)

Мусиқий ускуналар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган компания швециялик ихтирочи Карл Линдстрём томонидан ташкил этилганди. 20 йилча муваффақиятли фаолият юритган корхона Биринчи жаҳон уруши таъсирида таназзулга юз тутди ва 1926 йилда Columbia Gramophone Company компаниясига сотиб юборилди.


«Гройтер» (1903)

Ҳикоямизга August Storck компанияси билан якун ясаймиз. Mamba сақичлари ва Merci шоколадлари учун унга ўз миннатдочилигимизни изҳор этамиз.

ЖАҲОНГИР тайёрлади

 

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!