Қоронғи режим
Logo
Мураббийлар:  Отасининг ўғли

Мураббийлар: Отасининг ўғли

 

Давиде Анчелотти «Реал»нинг иккита ўйинида бош мураббий курсисида отасининг ўрнини эгаллади. Биринчисида мадридликлар «Сельта»ни 2:1 ҳисобида мағлуб этишган бўлса, кейингисида «Стэмфорд Бридж» майдонида «Челси»га имкон қолдирилмади - 3:1. Хўш, ушбу мутахассиснинг «қироллик клуби»ни вақтинчалик бошқаришига сабаб нима? Отаси Карло Анчелотти яқинда ковидга чалинганди. Давиденинг ушбу лавозимга тайинланиши бежиз эмас - у нафақат босснинг ўғли, балки Карлонинг кўпйиллик ассистенти ва кўплаб деталларга эътиборли мураббийдир. Қуйида Давиде билан танишамиз (айтганча, унинг ёши 32да). Эҳтимол, маълум вақтдан сўнг «Реал» бу шахсни бош мураббийликка тайинлар.

Давиде Пармада туғилиб (ўша пайт отаси «Милан»да ўйнарди), футбол юлдузлари қуршовида улғайган - ўзи болалигида уятчан бола бўлганини таъкидлаган. Унинг профессионал фаолияти узоқ давом этмаган: 2007-2010 йиллар мобайнида «Милан» ёшлари сафида тўп сурган, сўнгра 21 ёшида бутсаларини михга илган. «Ҳамма футболчи бўлишни хоҳлайди, лекин мен ушбу соҳада иқтидорим йўқлигини тезда англаганман ва ўқишга қарор қилганман», - деганди кичик Анчелотти Daily Mail нашрига берган интервьюсида. Шу тариқа 22 ёшида спорт фанлари бўйича дастлабки маълумотга эга бўлди.

Университетда унинг футболчилардаги моторика бў-йича диссертацияси олқишлар билан қарши олинди, УЕФА мураббийлик лицензияси учун имтиҳонларни эса деярли аъло баҳога топширди. Шунингдек, Давиде Парма университетидаги футболчиларда энергия сарфини ўлчашга бағишланган диплом ишини ҳам яхши ҳимоя қилди. Аммо бу ҳаммаси эмас. У ҳозиргача таълим олишда давом этмоқда. Сўнгги бор УЕФА мураббийлик курсларида чиқиш қилиб, барчага «Реал»даги иш услуби, штабдагилар билан футболчиларга қандай маш-ғулотларни ишлаб чиқиши ҳақида гапирди.

Давиде «Челси»да норасмий ишлаган: машғулотлар ва ўйин-лар пайти ёш футболчиларни кузатар, улар билан суҳбатлашар, сўнгра керакли маълумотларни отасига етказарди. 2011 йилдан эса ўз касбида расман ишлай бошлади ва ҳозиргача дон Карлонинг ёнида: ота-ўғил ҳамкорлиги Париждан тортиб, то Мадридга қайтишгача бўлган даврни қамраб олади. 2011 йилда Давиде жисмоний тайёргарлик мураббийи сифатида фаолият бошлади: «ПСЖ»да бир йил ишлади. Кейин эса отаси бошчилигида «Реал»да айни ишини давом эттирди. «Бавария»да мартабаси юксалди: бош мураббий ёрдамчисига айланди, худди шу ролни бажаришни «Наполи», «Эвертон» ва «Реал»да давом эттирди.

Асосий жамоа мураббийи сифатидаги дебюти «А» серия ўйинига тўғри келди -«Аталанта» билан баҳсда Карло четлатилиб, «Рома»га қарши учрашувда ҳам дис-квалификация сабаб қатнашолмаганди. Натижада, шу вақт ичида Давиде жамоани бошқарди, шунингдек, ўйиндан кейинги матбуот анжуманида қатнашди. Тўғри, ўшанда «Наполи» 1:2 ҳисобида ютқазганди.

Сир эмаски, катта Анчелотти кўплаб ваколатларни ас-систентларига топшириб, машғулотларни асосан четда кузатади. Шундай экан, Давиде бошқа ёрдамчилар ҳамроҳлигида ўйинга тайёргарликка (тактика ва машғулотлар жараёни) масъул ва рақибни таҳлил қилиш билан шуғулланади. Испания медиасининг ёзишича, ёш мураббий Вальдебебасдаги базада «яшайди». Ўйинлар олдидан Давиде футболчилар олдида қисқа нутқ сўзлаши мумкин - масалан, сўнгги Мадрид дербиси арафасида Бенземага тактикани тушунтирганди. Испаниялик журналистлар кичик Анчелоттининг жестикуляциясини ўрганиб чиқиб, Карим рақиб жарима майдончасидан бироз орқароққа интилиб, ўша ерда имкониятини кутиши ва зарба йўллаши керак бўлганини тушунишди. «Атлетико» дарвозасига биринчи гол айнан шу тариқа урилди - Винисиуснинг узатмасидан кейин тўп бир уринишда тўрга жойланди.

«Реал» «Торино» ўнг қанот ҳимоячиси Маттео Дармианни сотиб олмоқчи бўлганида, музокараларда Давиде ҳам қатнашганди. «Бетис»дан «Наполи»га ўтган Фабиан Руис эса уни Италия клубида қандай кўриб қолишгани ҳақида сўзлаганди. Кичик Анчелотти Севильядаги бир қиз билан учрашиб юрарди. Бир куни унинг уйига меҳмонга бориб, Севилья дербисига ташриф буюрди, Руиснинг ўйи­нини кўриб, уни «Наполи» скаутларига тавсия қилди. Испаниялик ярим ҳимоячи ке­йинроқ шундай деганди: «Севильялик ўша қизни кўрганимда, миннатдорлик билдирдим».

Давиде тўртта тилни билади. Бунинг учун отасига ҳар қанча раҳмат айтса арзийди: турли мамлакатларда ишлаш орқали у испан, француз, немис ва инглиз тилларини ўрганди. Бу эса таркибида турли давлатлар вакиллари бўлган жамоаларда ишлашни осонлаштиради. «Бавария»да Давиде немисчада аксарият легионерлардан яхшироқ сўзлашарди - уни Арьен Роббен ва Роберт Левандовски билан бир қаторда эътироф этишарди (тилдаги нўноқлик бобида Кингсли Коман ва Ренату Саншешни кўрсатиш мумкин).

Ули Хёнесс («Бавария» собиқ президенти): «Жамоамиз кийиниш хонасида яна немис тили янграй бошлади. Фақат француз ва португал тилларида сўзлашишнинг ўзи етарли эмас. Футболчилар немисчани ўрганишлари, бу қоидага айланиши керак. Акс ҳолда, бунинг учун пул тўлашсин. Хоҳиш бўлса, имконият ҳам топилади. Айрим футболчилар Давидедан ўрнак олишса арзийди».

Отаси билан муносабатларига келсак, кичик Анчелотти топ-клубларда фаолият юритиши, биринчи навбатда дон Карло туфайли эканлигини тан олади. Лекин бу каби суҳбатларга ҳазил-мутойиба билан муносабатда бўлди - ҳатто қаршисига Ибрагимович чиққанида ҳам. «Бир сафар Златанга машғулотлардаги дангасалиги учун танбеҳ бергандим. У эса: «Мен-ку, ўнгланаман, лекин сен қачон отангнинг қарамоғидан чиқасан?». Орада кулгу кўтарилди. Парижда ажойиб ва оддий йигитлар тўпланишганди, бизнинг муносабатларимиз жуда яхши эди», - дейди кичик Анчелотти.

Мадриддагилар иш бўйича Карло ва Давиденинг ота-ўғил эканини пайқаш қийинлигини тасдиқлашади, уларни профессионал муносабатлар боғлаб туради. Боз устига, Давиде интервьюларида «Реал» ичида отаси билан суҳбати асосан касбий характерга эга бўлишини таъкидлайди: «Мақсадим - отамда кўплаб шубҳалар туғилишини таъминлаш, ўз фикримни билдириш. Охир-оқибат, қарорни у чиқаради. Бу ердаги вазифам фақат тасдиқлаш билан чекланмайди, барча ёрдамчи мураббийлар сингари ўзимга бўлган ишончни сақлаб қолиш, керакли паллада «Йўқ, фикрингизга қўшилмайман» дея олишга интиламан».

Давиде Карлони ҳаётидаги ибрат деб билади. Отанинг ҳам бу борада ўз фикри бор: «Ўғлим яхши йигит, чунки у камтар ва барча нарсани билишни хоҳлайди, келгусида у чиндан ҳам яхши мураббий бўлиб етишади».

Давиде бош мураббий бўладими? Унинг ўзи бу борадаги ниятларини яширмаяпти, лекин дастлаб кўп нарса ўрганиши, айниқса, отасидан сабоқ олиши кераклигини таъкидлайди. Фикримиз исботи учун: қишда Италия ОАВда ёзилдики, «Чезена» Давидени бош мураббийликка таклиф қилган, лекин мутахассис кўнмаган.

Ў.УМАРОВ тайёрлади

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!