Осиё футболи: Банкир, ҳаваскорлар лигаси, муҳим гол, ОК чиптаси
Қирғизистон миллий жамоаси сўнгги вақтлар анча кўп гол уриб, ўз мухлисларини қувонтирмоқда. Муҳими, ўйин чиройли ва қўшниларимиз қаторасига иккинчи марта Осиё кубоги финал босқичига чиқишди. Қирғизистон футболининг бутун тарихини ҳисобга олсак, бу - катта ютуқ. Мамлакат футболининг ўсишида бир нечта омиллар бор - ёшлар футболига эътибор, россиялик Александр Крестининнинг тизимли иши... Шунингдек, маҳаллийлаштириш тажрибасини ҳам унутмаслик керак. Ҳа, терма жамоада илдизи Қирғизистонга тақаладиган хорижлик футболчилар кўп. Дейлик, Виталий Люкс ва Эдгар Бернхардт («Андижон»да ўйнаган футболчи)...
Қирғизистон миллий жамоаси ОК-2023 саралашида Сингапур ва Мьянма термаларини ортиқча қийинчиликсиз мағлубиятга учратди. Тожикистонликлар билан охирги баҳс эса натижа бобида катта аҳамият касб этмасди. Эътиборлиси, саралаш босқичида урилган 4та голдан 3таси Виктор Майер номига ёзилди. Бу футболчи ҳақида қизиқарли маълумотлар етарли.
1990 йил. Чуй вилоятининг Иссиқ-Ота тумани (Қирғизистон)
Бу номдаги шаҳарча немис муҳожирлари авлоди саналган бир йигитнинг ватанига айланди. Бундайлар Марказий Осиёда талайгина. Гап Виктор Майер ҳақида кетмоқда. Собиқ иттифоқ парчалангангач, кўпчилик қатори унинг ота-онаси ҳам доимий яшаш учун тарихий ватанлари - Германияга кўчиб кетишди. Оила Оснабрюк шаҳрига жойлашган вақт Виктор 10 ойлик чақалоқ эди. У кейинчалик маҳаллий «Блау-Вайс Шинкель» ва «Оснабрюк-1899» клубларида футбол билан шуғуллана бошлади. 2006 йили эса «Гамбург»нинг ўсмирлар жамоасига қабул қилинди. 2008-2011 йиллар Гамбург клубининг иккинчи жамоасида тўп сурган йигит мавсум-2011|2012 олдидан «Шпортфройнде» (Лотте) сафига қўшилди, аммо бу жамоада бирор марта майдонга тушмади. Майер шундан кейин Германия қуйи лигаларида «Оснабрюcк II» (2012-2013), «Хафельзе» (2013), «Меппен» (2014-2016) клублари шарафини ҳимоя қилди. 2016|2017 йиллар мавсумида эса Нидерландия Биринчи дивизиони иштирокчиси «Эммен» билан шартнома тузди. Айтиш жоиз, Майер ўсмирлигида Германия U-16 термасида ҳам ўйнаган, ҳаттоки, U-17 миқёсидаги Европа чемпионатида иштирок этган. Эътиборли факт: Виктор ўшанда «Реал» ярим ҳимоячиси Тони Кроос билан бирга тўп сурганди.
2014 йил. Медерова кўчаси, 1Б. Қирғизистон ФФ идораси
Мирлан Айтали 9 йил Буюк Британияда яшаб, «Фулхэм»- (Лондон)да йиллик абонемент эгалари билан ишлади. 2014 йили эса унга Қирғизистон футбол федерациясидан иш таклиф қилишди. Шу тариқа қирғиз диёрига қайтган Мирлан федерацияда аввалига матбуот котиби, кейин терма жамоалар менежери сифатида фаолият юритди. Кунлардан бирида эса ФФнинг «Фейсбук»даги расмий саҳифаси архивини кўтарди ва 2010 йили ёзилган шарҳлар, тилаклар, таклифларни кўриб чиқди. Мактублар ичида футболчи Эдгар Бернхардт томонидан юборилгани ҳам бор эди. У Қирғизистонда туғилгани ва «Краковия» сафида Польша чемпионати Олий лигасида тўп сураётганини маълум қилганди. Хуллас, Эдгар Қирғизистон миллий жамоасида ўйнаш истагини билдирган ва бунинг имкони бор-йўқлигига қизиққанди. Мирлан ўша вақтдан эътиборан Қирғизистонга дахли бор хориждаги футболчиларни маҳаллийлаштириш учун улкан конвейерни ишга туширди. Шу аснода Сергей Евлюшкин топилди (фақат собиқ иттифоқ ҳудудида туғилганини тасдиқлайдиган гувоҳномасини йўқотгани туфайли ФИФА унинг футбол фуқаролигини ўзгартиришига рухсат бермади). Айтишларича, футболчи излаш жараёни ўша вақтдаёқ федерация раҳбарияти даражасига етганди.
2015 йил. Германия
Мирон Гойхман - бу одамни ҳамма ҳам танимайди, лекин ушбу ҳикояда айнан шу шахс катта саҳнага чиқди. Championat сайтида ишлаган молдовалик йигит анчадан буён Германияда истиқомат қилади. Ҳар доим ҳамма ҳақида маълумотга эгалиги учун Миронни «футбол овчиси» сифатида таърифлашади. Қирғизистон ФФнинг янги стратегиясидан хабар топган Гойхман Бишкек билан алоқага чиқади. Маълум бўлишича, у ОАВда Бернхардт ва Евлюшкиннинг Қирғизистон миллий жамоасига жалб этилгани ҳақида ўқиганидан кейин яна бир неча вариант тайёрлаганди. Мирлан Айтали дарҳол у билан боғланади. Натижада Гойхман ўша пайт Германия 3-лигасида ўйнаётган Виктор Майерни таклиф этади. Бу жараён узоқ ва машаққатли кечади. Майер биринчи алоқадаёқ шахсий агенти билан боғланишлари кераклигини айтади. Бу беадабликдек туюлади, албатта. Ахир футболчини терма жамоага чақиришсаю, у... Аслида Майер ҳам ўз шахсига нисбатан бундай қизиқишдан ҳайратда қолганди. Агенти эса аввалига барчасини ҳазилга йўйган. Қирғизистонликлар футболчи ва агентни таклиф жиддий эканлигига ишонтиришгач, музокара жараёни авжига чиқади. Аммо муаммо бор эди - интернетда Эдгар Бернхардт ҳақида маълумот етарли чиққан бўлса, Майернинг фақат Германия ўсмирлар термасида ўйнагани ойдинлашади, холос. Натижада Қирғизистон футбол федерацияси ходимлари ҳар ҳафта давомида Майер иштирокидаги ўйинлар видеотасмаларини топиб, терма жамоа бош мураббийи Александр Крестинин истиқомат қиладиган Краснодарга юборишади. Кейин барча ҳужжатлар ФИФА талабига мос тарзда тартибга солинади ва Виктор Майер терма жамоа футболчисига айланади.
Бугунги кун. Бишкек
Виктор Майер терма жамоа сафида доимий равишда ўйнаган бўлса-да, етакчилар қаторига қўшилолмаганди. Шу маънода ОК-2023 саралаши унинг учун жуда муҳим эди. Чунончи, Крестинин март ойидаги матбуот анжуманида ҳам Викторга ишонишини маълум қилганди. «Майернинг характери оғир, аммо уни июнь ойида яна кўришимиз мумкин», - деганди россиялик мураббий.
64-дақиқада Майер «Абдиш-Ота» вакили Эрнест Батирханов ўрнига майдонга тушди - мажбурий ўзгариш. Чунки Крестинин ўйинга қандайдир муносабат билдириши керак эди. Зеро, Сингапур термаси 1:0 ҳисобида олдинда бораётган ва алмаштирилиш бироз кечиктирилса, Осиё кубогига йўл олиш вазифаси қийинлашарди. Майер тушгач, ўйин суръати бирданига ўзгарди. Аввалига Кичин пенальтидан мувозанатни тиклади, кейин Майер жамоага ғалаба келтирди. Саралашнинг иккинчи ўйини Мьянма термасига қарши кечди. Бунисида айнан қаҳрамонимиз энг яхши футболчига айланди. Зеро, у 2та гол уриб, қирғизларга ғалаба келтирди. Майер бунга қадар терма жамоа либосида етарлича ўйин ўтказган, аммо энди рақиблар учун Крестинин тўдасининг «Х» омилига айланди.
2022 йил 14 июнь. Бир кун аввал Қирғизистоннинг бир қатор ОАВда Виктор Майернинг «шахсий сабаблар туфайли Қирғизистон - Тожикистон ўйинида иштирок этолмаслиги ҳақида хабарлар берилди. Ваҳоланки, унинг футбол билан параллель равишда Қирғизистоннинг немислар банкида ишлаётгани ҳаммага маълум эди. Майер шу туфайли иш кунини ўтказиб юборолмади. Дарвоқе, футболчи Қирғизистон термаси ихтиёрига келишдан олдин «Айнтрахт Райне» клуби билан 4-Бундеслига йўлланмаси учун кураш олиб борди. Бироқ жамоаси профессионал дивизионга чиқолмай, ҳаваскорлар даражасида қолди. Хуллас, Қирғизистон термаси тожикистонликларга қарши ўйинда майдонга Майерсиз тушди. Виктор бу вақтда офисда ҳужжатларни саралаб, мижозлар билан ишлади. Лекин у кун келиб, офис кийимидан футбол либосига ўтиб, майдонга тушади ва ҳаётда ҳеч нарса тасодиф эмаслигини исботлайди...
Манба: сhampionat.asia,
Евдоким РАИМОВ
Изоҳ / Жавоб
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
Хизмат кўрсатган артист Р...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
Коронавирусдан даволанаёт...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
2020 йилда айрим мансабдо...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
Абитуриентларга тўловлари...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 26, 2021
Архив
Тавсия этилган
-
Шомуродов бутун мавсум да...
- Хабар муаллифи Bahrom
- June 4, 2021
-
Абитуриентларга тўловлари...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 26, 2021
-
Ёш олима Зебуниссо Аҳмедо...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 28, 2021
Ахборот бюллетени
Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!