Қоронғи режим
Logo
Моддий қийинчилик ёмонроқми ёки руҳий?

Моддий қийинчилик ёмонроқми ёки руҳий?

Яна ҳомиладорлик ва меҳнат фаолияти ҳақида.

Нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда оналик ва меҳнат ҳуқуқи ўртасидаги туташ нуқтада келишмовчиликлар, ҳомиладор ва ёш фарзанди бўлган аёлларнинг меҳнат фаолиятига тўсиқлар тез-тез учраб туриши, бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бир қанча халқаро ва маҳаллий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар кучга киритилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бироқ, шунга қарамай, ҳали ҳам муаммо актуал ва у ҳақида кўпроқ ёзиш, орамиздаги одамлар фикрини жамоатчиликка етказиш керак деб ҳисобладик.

Бу ҳомиладор аёлларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ муаммолар акс эттирилган биринчи материалимиз эмас. Яхшиси, қолганини қаҳрамонимизнинг ўзидан эшитамиз:

«Биринчи фарзандимга ҳомиладор бўлгунимча мактабгача таълим муассасасида тарбиячи ёрдамчиси бўлиб ишладим. Раҳбарим ҳомиладорлигимни билгач «ишлай оласизми ўзи?», «қийналиб қолмаяпсизми?» деб кинояли гаплар қилишни бошлади. Аввалига эътибор бермасликка ҳаракат қилдим. Ҳомилам анча каттариб қолганда ҳамкасб тарбиячилар ҳам менинг ишимга кўз тикаётганини пайқаб қолдим. Улар «боғчага текшириш келаркан, иш сифатини текшираркан, камераларни «кўтараркан» деб мени қўрқитмоқчидай бўлишди. Ҳомиладорлигим, танамда бўлаётган ўзгаришлар сабаб машғулот вақтида 5-10 дақиқа ўтириб дам олган пайтларим бўлган, буни яширмасам ҳам аён. Ахир танасида физиологик ўзгаришлар бўлмаётган одам ҳам эрталабдан кечгача тик оёқда чарчайди. Ҳомиладорлик даврида одам жуда кўнгли бўш бўлиб қоларкан. Ҳозир эсласам декретгача чидасам бўларди, дейман, лекин ўша пайт танамдаги гормонал ўзгаришлар таъсиридами, билмайман, кетишга қарор қилдим. Қайтиб бу ерга келмайман деган қатъий қарор билан аризамни ёзиб, кетдим. Ўша пайтда мен учун руҳий барқарорлигимдан бошқа мезон йўқ эди чунки. Лекин кейин молиявий муаммоларга дуч келганда бу қароримдан афсус қилдим. Ҳалигача ўшанда тўғри қилдимми ёки йўқ, билмайман. Лекин шундай ноқулай вазиятга тушганим учун тизимдан хафаман.

Тошкентда қандай билмадим-у, бизнинг вилоятда (Андижон вилояти ҳақида гап кетяпти – таҳририят изоҳи) боғчаларда иш талаш. Ишчи етмаяпти деган бирор боғчани кўрмаганман. Уй боғчаларида аёллар 5 кун ишлаб 1 миллион сўм ойлик олади ва иш йўқлигидан шунга ҳам бажонудил рози. Фарзандимни дунёга келтириб, катта бўлиб қолгач ишга чиқмоқчи эдим. Ўзимнинг олдинги иш жойимга қайтиб боришга мажбур бўлдим. Табиийки, у ерда бўш иш ўрни йўқ эди. Урушиб-талашиб олишим мумкин бўлган ярим ставка ишнинг ойлиги (500 минг сўм) кетказган асабларимга ва боламни уйда қолдиришимга арзимасди. Ҳозир иккинчи фарзандимга ҳомиладорман, энди мени ишга олишларига умид ҳам қилмаяпман.

Турмуш ўртоғим етарли маош олмасди. Шу сабабли феврал ойида Россияга ишлашга кетди. Ўзбекистонда текстилда яхши лавозимда ишлар, ҳафтада 6 кун баъзан дам олишсиз меҳнат қилар, аммо ойлиги қилган ишининг ярмига ҳам арзимасди. Бу ойлик фақат ўртача еб-ичишга етарди.

Давлатдан ҳеч қанақа ёрдам олмайман. Яқиндагина эрим Россияга ишлашга кетгач маҳаллага бола пули учун ариза топширдим, натижаси июн ойларида аниқ бўлар эмиш. У ҳам 350 минг атрофида бўлади дейишяпти. Яқиндагина ўртача нархдаги болалар таглигини 1 ойлик қилиб 170 минг сўмга уйга олиб келиб қўйдим. Яхшиям фарзандим «смес» эмас, она сути ичади. Агар боласи турли сабаблар билан «смес»да катта бўлаётган оналарда шу бола пулига эҳтиёж туғилса, у ҳеч нимага етмайди. Бола пулини олиш ҳам жуда қийин жараён экан. Ҳомиладор аёл ишлаши керак деб ҳисоблайман, сабаби ишласа катта-кичик муаммолардан маълум маънода чалғийди, вақти ҳам мазмунли ўтади. Бундан ташқари, менимча, Ўзбекистондаги жуда катта қисм оилаларда шундай бўлса керак, агар эр ва хотин тенг ишламаса, ҳаражатларга пул етказиб бўлмайди.

Ўзимнинг бир раҳбар дўстим бор, у раҳбар бўла туриб, дўстим бўла туриб «иш излама, фойдасиз, барибир сени олишмайди» деб айтади. Сабабини сўрасам, «хусусий секторда сен ҳеч қанча ҳам ишламай декретга чиқиб кетасан, у сенга оналик таътили пули тўлашга мажбур бўлади, ҳеч ким буни хоҳламайди, давлат секторида эса сенинг таътил пулинг раҳбарнинг чўнтагидан кетмагани сабабли ишга олаверади, лекин эвазига сендан нимадир талаб қилиши мумкин» деб айтди. Кейин биринчи фарзандимга ҳомиладорлик пайтимни эслаб тушундимки, раҳбаримиз ўшанда мендан нимадир кутган экан. Лекин мен ишга киришда ҳам раҳбаримизга пул берганман, бизда ҳамма ишга маълум пул эвазига киради, нимага яна раҳбар учун нимадир қилишим керак? Энди яқин йилларда ишга киришдан батамом умидимни уздим, тикувчиликни ўрганяпман. Келажакда шу соҳада кетсам керак».

Мавзу юзасидан туркум мақолаларимизда айнан қаҳрамонимизни ташвишга солган психологик факторлар билан боғлиқ мутахассис изоҳи, бу каби муаммолар юзасидан хориж тажрибаси ҳақида ҳам сўз боради.



Ҳомиладор аёлларнинг ишга олиниши ҳолатлари юзасидан раҳбар ходимлар қандай муносабат билдиришига ҳам қизиқиб, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети «Рақамли медиа ва интернет» кафедраси мудири Шаҳноза Тайлакованинг фикрларини сўрадик.

«Иккинчи фарзандимга ҳомиладорлик пайтимда иш сўраб борганимда, мени ҳам қабул қилишмаган. Ўша пайтда бундан хафа бўлганман, лекин ҳозир ўзим ҳам раҳбар сифатида ҳомиладорлигининг 3-4-ойида иш сўраб келадиган аёлларни ишга олишда бироз ўйланиб қоламан. Сабаби, қонунчиликда ҳомиладор аёлни ишга олиш билан боғлиқ тўсиқлар бўлмаслиги керак бўлсада, бу ҳолат иш сифатига таъсир қилади. Шу сабабдан гарчи ўзим ҳам бир неча йиллар олдин шу ҳолатга тушган бўлсамда бундай кадрни ишга олишни истамас эдим».

Бир қарашда ҳар икки томоннинг ҳам фикрида жон бордек кўринади. Муаммонинг ҳатто ривожланган давлатларда ҳам актуал эканлигини инобатга олсак, бу ерда гап шахсий масъулиятда қолади.

Facebook тармоғида ўтказилган сўровнома қатнашчиларининг айримлари ўзларининг оналик ва ишга олиниш билан боғлиқ муаммоларга ҳеч қачон дуч келмаганларини айтишади, шунингдек, айримлар «агар сиз кучли кадр бўлсангиз, истаган жойда ишингизни топа оласиз» мазмунида изоҳлар билдиришади. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳамма одамда турли меҳнат потенциали, қобилият ва шу потенциалга эришиш учун шароитлар бўлади. Кишиларни меҳнат потенциалига кўра ажратиб қўйиш ҳам ижтимоий дискриминациянинг бир кўринишидир.

Давлат статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда салкам 1 миллион бола дунёга келган, туғилиш кўрсаткичлари йилдан-йилга ошмоқда. Бу кўрсаткичлар юқоридаги муаммоларнинг нақадар катта кўламда акс этиши мумкинлигини исбот этади.

Янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши олди референдум тарғиботи учун бир нечта йўналишларда ишлаб чиқилган махсус роликлар мавзулари орасида ҳомиладор, яқинда оила қурган ёки ёш фарзандли аёлларнинг ишга қабул қилинишидаги муаммолар акслантирилган тасвирлар ҳам мавжуд. Бу биз илгари сураётган гипотезани асослаш учун ортиқча ҳожат йўқлигини исботлайди.

 

Хулоса қилиб айтганда, ҳомиладор аёлнинг меҳнат фаолиятини амалга оширишида тўсиқларнинг мавжудлиги фақатгина ижтимоий-иқтисодий ва психологик нуқтаи назардангина салбий аҳамият касб этиб қолмай, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам қонунга зиддир. Хусусан, Янги таҳрирдаги Конституциянинг 42-моддасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгилаб қўйилган. Бу каби муаммоларга дуч келган аёлларга дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш тавсия этилади.

Дилбар Эламанова

Манба: xabar.uz

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!