Ўзбекистон 2021 йилда биринчи марта олтин экспорт қилди, дея хабар бермоқда Давлат статистика қўмитасига таяниб Spot.

 

Қайд этилишича, май ойида мамлакат 1,2 миллиард долларлик олтин сотган. Бунинг натижасида ҳам импорт, ҳам ташқи савдо умумий ҳажми ошган.

2020 йил биринчи ярмида Ўзбекистон олтинни фаол равишда сотди. Ушбу даврда олтин қимматлашиб, бир унция учун 2000 АҚШ долларига етди. Сентябрь ойида олтин нархи пасайиб, экспорт қилиш тўхтатилди.

Аксар мамлакатларда олтин қазиб олувчилар уни ўзлари экспорт қилади, аммо Ўзбекистонда ягона сотувчи бу Марказий банк ҳисобланади. У олтинни ишлаб чиқарувчилардан сотиб олади (масалан, Навоий кон металлургия комбинати) ва бошқа мамлакатларга (асосан, Швейцарияга) экспорт қилади.

Апрель ойида Марказий банк мутасаддилари нархлар кўтарилганда яна олтин экспорт қилишни бошлаши ҳақида маълум қилганди. Май ойида олтин унцияси 1900 долларга кўтарилиши билан Ўзбекистон уни сотишни бошлади. Июнь ойида унинг нархи яна туша бошлади.

 

2021 йилнинг май ойида Ўзбекистон захирасидаги олтин 0,4 миллион троя унциясига (тахминан, 12,4 тоннага) камайгани ҳақида хабар берилганди. Шунга қарамай, олтин захираси биринчи марта 35 миллиард доллардан ошди.