Қоронғи режим
Logo
Расул Кушербаев блогерлар ёппасига фаолиятини тугатаётганига тўхталди

Расул Кушербаев блогерлар ёппасига фаолиятини тугатаётганига тўхталди

Қашқадарёлик блогерлар Умид Каримов, Мақсуд Музаффаров, Отабек Артиков, Ўролжон Камолов, Азизбек Яздурдиев ҳамда Nasafnews.uz ахборот нашри фаолиятини якунлаганини эълон қилди. «KeshNews» телеграм канали фаолиятини вақтинча тўхтатганини билдирди.

«Блогерларнинг уч нафари яқинда беш суткага қамалиб чиққанди. Чиқа солиб, блогерлик фаолиятини тўхтатишгани уларга ичкарида босим қилиндими, деган савол туғдиради.

Нима бўлганда ҳам бу ишлар блогер ва журналистларга солиқ тўловчилар ҳисобидан яшайдиган ва ҳамма биладиган идоралар қилаётган босимлар ва судларнинг адолатсиз қарорлари сабаб бўлаётгани кўриниб турибди.

Бу аслида сўз эркинлиги ва демократияга қилинаётган ҳуруж. Айримлар Ўзбекистонда демократия бўлишини истамаяпти!

Қизиғи, бугун босим қилаётганларнинг ўзлари эртага ҳудди шу блогер ва журналистлардан адолатни юзага чиқаришда ёрдам сўраб келишади. Агар ўша вақтгача улардан кимдир қолган бўлса албатта. Блогерларнинг кетказилиши демократик Ўзбекистон учун яна йўқотиш бўлди», деб ёзади Расул Кушербаев.

«Газета.uz» блогерлар билан боғланиб, вазият юзасидан изоҳ олган.

«Фаолиятимни якунлашимда бўлиб ўтган воқеаларнинг алоқаси бор. Бир нарсага ачиндим, суд залига кирганимдан кейин судьядан бодикамерани кўришларини жуда кўп илтимос қилдим. Лекин у буни инобатга олмади. Судьяга ходимни урмаганим, сўкмаганим, ҳақорат қилмаганимни айтдим. Суд залида телевизор бор, бодикамерадаги видеоёзувларни қўйиб беришларини сўрадим, бироқ инобатга олишмади», — деди Умид Каримов.

«Ҳақиқат йўқлигини кўзим билан кўрдим. Фаолиятни давом эттиришим учун ҳимоя йўқ эканини кўрдим. Шу ишлар кўзимни очди», — деган Мақсуд Музаффаров.

«... Суд уларни важини тингламай ҳам 5 сутка бериб юборди. Эртага мени ҳам бундай нарсалардан ҳеч ким “суғурта” қилишга кафолат бермайди...

Агар ман билан шундай ҳолат юз берганда онам буни кўтаролмасди, мен онамни қотилига айланишни истамайман. Буёғига оддий одамлар қаторида яшамоқчиман. Ҳозирча дам олмоқчиман эркин ва ҳадикларсиз ҳаётдан тўйиб-тўйиб нафас олмоқчиман...», — деган Отабек Артиков.

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!