Қоронғи режим
Logo
Ўғил болалар кўпроқ туғилмоқда: бунинг бир нечта сабаблари бор

Ўғил болалар кўпроқ туғилмоқда: бунинг бир нечта сабаблари бор

Ҳар йили Статистика агентлиги Ўзбекистонда туғилишлар сони ва чақалоқлардан қанчаси ўғил-қизлиги бўйича маълумот беради. Куни кеча агентлик 2023 йилнинг январь-май ойларидаги туғилишлар ҳақида ахборот берди.

Унга кўра, Ўзбекистонда 361 735 та тирик туғилиш ҳолати қайд этилган. Шундан, 187 549 нафари ўғил болалар, 174 186 нафари эса қиз болалар. Бу рақам ҳар доимгидек «Ўзбекистонда қизлар камайиб, эркаклар кўпайиб кетмоқда» мазмунидаги ташвишли сарлавҳаларни пайдо қилди.

Аслини олганда, ўғил болаларнинг кўпроқ туғилиши янгилик эмас. Масалан Cтатистика агентлигининг 2010-2020 йиллардаги туғилишлар бўйича ўн йиллик ҳисоботи таҳлил қилинганида ҳам Ўзбекистонда ҳар йили ўғил болалар қизларга нисбатан 7-9 фоизгача кўпроқ туғилганини кўриш мумкин.

Дунёда вазият қандай?

Ҳар йили дунёда қизларга нисбатан ўғил чақалоқлар кўпроқ туғилади. Соғлиқни сақлаш масалалари бўйича шарҳловчи Филипп Роксби британиялик олимлар берган статистик маълумотларга асосланиб, бу масалада бир қанча мақолалар эълон қилди.

Хусусан, Буюк Британияда аҳолини рўйхатга олиш биринчи марта 1838 йилда бўлиб ўтган бўлса, шундан буён ҳар йилги маълумотларга кўра, 100 нафар қиз чақалоққа 105 ўғил бола тўғри келади. Хитой ва Ҳиндистонда бу фарқ янада каттароқ.

Рақамлардан кўринмоқдаки, ўғил болаларнинг кўпроқ туғилиши 185 йилдан буён давом этмоқда.

Нега ўғил болалар кўпроқ туғилади?

Бу саволга ҳозирча олимлар аниқ жавоб бермаган бўлмаса-да, бир нечта назариялар мавжуд:

Биринчи назария эволюция билан боғлиқ.  Ўғил болалар ўлими қизларга нисбатан кўпроқ учрайди. Вояга етганда эркак ва аёл сонлари тенг бўлиши учун ҳам, табиат ўғил болалар туғилиши сонини кўпроқ рағбатлантирган.

Шунингдек, вояга етганидан кейин ҳам эркаклар ўлими юқорилигича қолади: бахтсиз ҳодисалар, касалликларга чидамсизлик, аёлларга нисбатан камроқ умр кўриш ва ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳам эркаклар орасида кўпроқ учрайди.

Оксфорд университети профессори Дэвид Штайнзальц: «Ҳар қандай ёшда, жойда ва ҳар қандай вақтда эркакларнинг ўлим хавфи аёллар ўлимига қараганда юқори», деб таъкидлайди.

Иккинчи назария ҳомила пайдо бўлиши билан боғлиқ. Табиатдан ўғил жинсидаги ҳомиланинг пайдо бўлиш имконияти каттароқ. Буни олимлар Y хромосомалар Х хромосомаларга нисбатан чаққонроқ ва тезроқ ҳаракат қилиши билан изоҳлайди. Шунингдек, ҳомиладорликнинг энг эрта даврида аёл эмбрионларнинг ҳалок бўлиши кўпроқ учрайди. Бу омиллар ҳам кейинчалик ўғил болаларнинг кўпроқ туғилишига таъсир қилади.

Учинчи назария – гендерцид. Гендерцид, эмбрионнинг жинсига қараб, уни мақсадли равишда аборт қилдириш. Сир эмас, кўплаб миллатларда ўғил бола афзал кўрилади ва бир неча миллион қизлар аллақачон бу амалиёт қурбонига айланган. Гендерцид асосан учинчи дунё мамлакатларида кенг тарқалган.

Амалиёт Жанубий ва Шарқий Осиёда, айниқса, дунёнинг энг зич жойлашган мамлакатлари – Хитой ва Ҳиндистонда яққол намоён бўлади.

Хитойда эркаклар сони нотабиий усулда ортиб кетаётгани ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ҳам юзага келтирмоқда. Масалан, 100 нафар қиз чақалоққа 105 нафар ўғил бола тўғри келиши табиий жиҳатдан норма ҳисобланса, Хитойда бу кўрсаткич анча юқори: ҳар 100 нафар  қизга 126 нафар ўғил бола тўғри келади.

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!