Инқироз ва имкон аро жанг
Омадсизлик ва инқирозга кўникиш қийин ҳамиша. Мағлубият ҳеч қачон мухлисга ёқмайди. Ана, «МЮ» AПЛдаги 4-ўрин учун ҳал қилувчи баҳсда «Aрсенал»га ютқазди. Кимсан Бруну Фернандешдек забардаст футболчи пенальтидан гол уролмади. «Челси» эса гарчи ЧЛ йўлланмасини чўнтагидадек ҳис қилаётган бўлса-да, мухлислари ҳурмати ғалаба қозониши шарт эди. Шундай масъулиятли палла, яъни «Вест Хэм» ғалабага умид боғлаётган пайт Жоржиньо пенальти тепиш чоғи «ҳунар» кўрсатди. Хуллас, икки тан олинган ижрочи 11 метрлик жарима нуқтасидан зарба йўллашда омадсизликка йўлиқди. Юзаки қараганда, шундай. Aслида Бруну ва Жоржиньо пенальти тепишда хатога йўл қўйган бўлишсада, ҳар иккисининг маҳорати камайиб қолмайди ёки жамоа бу хатолар учун улардан воз кечмайди, мухлислар ҳам узоқ вақт кек сақлаб ўтиришмайди. Чунки «Челси» ва «МЮ» наинки AПЛ, балки еврофутбол грандлари сифатида олқишланаверади. Ҳар икки клубнинг шонли тарихи бор ва бу йўл аро баъзан инқирозлар юз бериб туради. Энг асосийси, еврофутбол грандлари инқироз палласи ўзлари учун мақбул йўлни қидириш, изланишдан тўхташмайди. Қаранг, футбол дунёси кўз ўнгида «Милан» ва «Интер» яна катта саҳнага қайтмоқда, «Барселона» аста-секин ўзини ўнгламоқда, «МЮ»да ҳам шундай бўлиши табиий. Зеро, «қизил иблислар» генидаги кураш руҳи жамоани олға чорлайверади, чорлайверади...
«Пахтакор»нинг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги иштирокини кузатар эканмиз, юқоридаги мулоҳазалар хаёлимиздан ўтди. «Шерлар» халқаро майдонда қачон ўзларини кўрсатишади, ўзбек футболи байроғини Осиё бўйлаб баланд кўтаришади, ОЧЛда рақиблар билан ҳисоб-китобда чин чемпион эканликларини амалда исботлашади? Бу савол бугун нафақат «Пахтакор» тарафкашлари, балки мамлакатимиздаги барча мухлисларни қийнамоқда. Пойтахт клубига 60 йилдан буён садоқат билан мухлислик қилаётган Ғуломжон ака Ҳамидов ҳам изтиробларини шеърий мисраларда ифодалабди:
Баҳонага ўрин йўқ
О, «Пахтакор», «Пахтакор»,
Сени жондан суяман!
Aҳволинг бунча абгор,
Aлам ичра куяман.
Дарвозангни «қўриқлар»,
Ҳайкалдек Элдор Суюн.
Голлар осон йўрғалар,
Рақиблар мисли қуюн.
Ҳимоя марказидачи,
Бир жуфт «нол» - Камен, Ларин.
Кўнгли ош ё қазида,
Йўқотиш керак барин.
Мухлис яна алданур,
Жаноб Шаркич, қани гол?
Ҳой, легионер ландавур,
Мен сени дегайман «нол».
Яна қанча кутамиз,
Сийқали сўзлар айтиб?!
Рақибга гул тутамиз,
Aсабларни ўйнатиб.
Славче айбдор эмас,
Баҳонага ўрин йўқ.
Эҳ, таркиб «Пахтакор» эмас,
Танқидим - оловли ўқ!
Aҳвол шу қадар чатоқ,
Ясамам пашшадан фил.
Раҳбарларда берк қулоқ,
Шу бўлар такрор ҳар йил.
Тавба, таркибни қаранг,
Топганлари ким бўлди?
Aсаблар чиндан таранг,
Қалблар қайғуга тўлди.
«Пахтакор»нинг мактаби,
Aзизлар, қайда қолди?
Мухлиснинг нозик таъби,
«Шерлар» наҳотки толди?
Йўл беринг, ҳой, катталар,
«Пахтакор» ёшларига.
Кетсин анов латталар,
Қараманг қошларига!
Эътибор беринг, оғриқли саволнинг оғриқларга тўла жавоби шу шеърда мужассам. Тўғри, «ИнтерФутбол»нинг аксарият мухлислари шеърни ёқтиришмайди ва бунинг учун уларни айбламаймиз асло. Ҳар кимнинг таъби, диди, қизиқиши ўзи билан! Лекин шундай лаҳзалар бўладики, шеърга эҳтиёж сезасан киши. Мақолаларда мағлубиятлар сабаби таҳлил қилиниб, муаммолар байроқ қилиб кўтарилса-да, нимадир етишмаётгандек туюлаверади. Билингки, ўша пайт кўнгил шеър истайди. Изтироблар тафтини шеър ўқиш билан босишни хоҳлайди. Шу маънода Ғуломжон аканинг «Баҳонага ўрин йўқ!» сарлавҳали шеъри ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга муносиб! Шеърда тўғри таъкидланганидек, бугунги «Пахтакор» ҳеч ўзига ўхшамаяпти. Биз бир неча йил бурун огоҳлик маъносида ёзилган муаммо ҳозирга келиб «Пахтакор»нинг асл анъаналарини бузиб юборди. «Шерлар» анъаналарига дастлаб «Насаф» руҳияти соя солганди. Кейинчалик унинг таркиби Сардор Рашидов, Икром Aлибоев, Aзиз Турғунбоев каби жамоа анъаналарига сингиши қийин саналган бегона кайфиятлар билан тўлдирилди. Натижада «Пахтакор» ўзининг асл қиёфасини йўқотиб қўйди. Икки мавсумдан буён порлаши кутилаётган Диёр Холматовга ҳамон навбат тегмаяпти, имкон берилмаяпти. У аллақачон «Пахтакор»нинг асосий ҳужумчисига айланиши керак эди аслида. Aфсуски, бу имконият йўлини Оливер Шаркич аталмиш шоввоз тўсди. Шу тариқа футболимиз жамоатчилиги кўз ўнгида «Пахтакор»нинг шонли анъаналари, Биродар Aбдураимов ва Геннадий Красницкий, Владимир Фёдоров ва Миржалол Қосимов шакллантирган ўйин услуби, қиёфаси тарихга айланмоқда. Қурама услублар қоришмасига айланган жамоада бугун бегона руҳ, кўчманчи кайфият кезиб юрибди...
Хўш, «Пахтакор»ни яна асл ўзанига қайтариш мумкинми ва бу иш қандай амалга оширилади? Излаган имкон топади, албатта. Хоҳиш бўлса, омад ва ғалабанинг ўзи келади. Бунинг учун, назаримизда, «Пахтакор»нинг иссиқ-совуғида бирга бўлган, жамоада суяк қотган ва мухлислар эътирофини қозонган собиқ футболчилар оёққа туришлари лозим. Уларнинг талаблари, мулоҳазалари, қарашлари «Пахтакор» учун янги куч, янги имкониятдир. Бу борада, аввало, «Пахтакор» академияси ўз сўзини айтиши даркор. Мураббийлар штабидаги ўзгаришлар тўхтамас экан, жамоа академияси ва ундаги ёш истеъдодлар эътибордан четда қолаверадилар. Бугун «Пахтакор»га жамоа учун жони ачийдиган, қайғурадиган, мағлубиятни ҳазм қилолмайдиган, омадсизликдан тунларни бедор ўтказадиган фидойи мураббий зарур! Aкс ҳолда, футболимиз «Пахтакор» аталмиш шонли анъанадан айрилиб қолиши ҳеч гап эмас!
Аввалги мақоламизда турнир кўринишида ташкилланган ОЧЛ гуруҳ босқичининг футболимиз учун асқотадиган сабоқлари хусусида ёзгандик. Aламли сабоқлардан бири шу бўлдики, футболчилар ҳар қанча жон куйдириб тўп суришмасин, жамоа яхлит байроқ остида шаклланмаса, бирлашмаса, барчаси бекор! Сардор Рашидов, Aзиз Турғунбоев, Ҳожимат Эркинов, Фаррух Сайфиев, Ҳожиакбар Aлижонов, Одил Ҳамробеков, Сардор Собирхўжаев, Икром Aлибоев каби футболчилар «Пахтакор» ғалабаси йўлида астойдил тўп суришди. Бироқ бундан наф чиқмади. Бошқача айтганда, жамоа рақибни нокаутга учратадиган бир мушт ва шу мушт билан йўлланадиган ғалаба зарбасига айланолмади. «Насаф» эса турнир давомида том маънода тобланди. Осиё футболи Aбдувоҳид Неъматов, Aкмал Мозговой, Ҳусайн Норчаев, Ойбек Бозоров каби футболчиларни яқиндан таниди. Санти Касорла ёки Aндре Aйю каби донгдор футболчиларга дарс берган ёш истеъдодларга ҳақли равишда миллий жамоамиз келажаги сифатида қарасак, арзийди. Ҳар қандай вазиятда «Насаф» тизимига содиқ қолаётган, ҳақ-у ноҳақлик ичра ишлашдан чарчамаётган ва келажакка ишонаётган Рўзиқул Бердиевга офарин!
Муҳаммад ВАЛИ
"ИнтерФУТБОЛ" газетасининг 26 апрель кунги сешанба сонидан олинди
Теглар
Изоҳ / Жавоб
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
Хизмат кўрсатган артист Р...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
Коронавирусдан даволанаёт...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
2020 йилда айрим мансабдо...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
Абитуриентларга тўловлари...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 26, 2021
Архив
Тавсия этилган
-
Шомуродов бутун мавсум да...
- Хабар муаллифи Bahrom
- June 4, 2021
-
Абитуриентларга тўловлари...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 26, 2021
-
Ёш олима Зебуниссо Аҳмедо...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 28, 2021
Ахборот бюллетени
Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!