Қоронғи режим
Thursday, 09 January 2025
Logo

Таажжубли тафовут ёхуд яна "Вильярреал" ҳақида...

Таажжубли тафовут ёхуд яна

Нуфузли турнир чорак финалида «Бавария»дек грандни томошабинга айлантирган «Вильярреал» шунчаки, тасодифий ярим финалчи эмас. Статистика жиҳатидан бу жамоа ЕЧЛ тарихидаги ўта камёб шижоат ва ҳодисани қайд этди.

*** Вильярреал - бор-йўғи 50 минг аҳолиси бўлган жажжи шаҳарча, ундан кичикроқ ярим финалчи бўлиши умуман мумкин эмас. Масалан, бу борада имкониятни бой берган Мюнхеннинг аҳолиси 30 бараварга (1,5 млн.) кўпроқ.

*** Сешанба оқшомида «Альянц-Арена»га 1500 нафар «Вильярреал» мухлиси ташриф буюрди - шаҳар аҳолисининг 3 фоизи!

*** «Вильярреал»да янги мавсум ЕЧЛ мусобақаларидан четда қолиш эҳтимоли ўта юқори - тўғри, агар май ойида нуфузли совринни қўлга кирита олса, муаммо қолмайди. Бироқ сўнгги 6 учрашувда Унаи Эмери жамоаси атиги 2та ғалабага эришди - «Ювентус» ва «Бавария» устидан. Ана шу қарама-қарши, бир-бирига зид натижаларни англаш жуда қийин. Бироқ бу ўтган йил баҳорида «Арсенал» ва «МЮ» тўсиқларини беписандлик билан бартараф этган ҳолда ЕЛ ғолибига айланган Унаи Эмерининг навбатдаги жодуси. Энди у АПЛда юлдуз мақомига кўтарила олмаган Капу, Коклен, Ло Чельсо, Данжума каби ўйинчилар билан «Бавария»ни тиз чўкишга мажбур этди.

*** «Вильярреал»нинг бюджети «Бавария»никидан 5 бараварга кам: ЕЛдаги зафар ва ТВ ҳуқуқлари учун олинган даромад билан қўшиб ҳисоблаганда, 123,9 млн. евро мюнхенликларнинг 643,9 млн.ига қарши.

*** Иш ҳақи ҳажми бўйича ҳам «Вильярреал»нинг кўрсаткичи 3,7 бараварга (94,9 млн. евро 348,9 еврога қарши) камроқ.

*** Мюнхенда майдонга тушган 14 нафар футболчи учун «Вильярреал» 95,25 млн. евро сарфлаган бўлса, «Бавария» 295 млн. евродан воз кечган. Яна 3 бараварлик тафовут.

*** «Вильярреал»нинг рекорд трансфери - 23,5 млн. евро. Бу маблағни жамоа ўтган йили Арно Данжума учун сарфлаганди. Жамоа ҳаммаси бўлиб атиги 3 марта 20 млн. ва ундан юқори суммага тенг харажатни амалга оширган: Данжумадан ташқари Пако Алькасер (23 млн. «Боруссия Дортмунд»га) ва Жерар Морено (20 млн. «Эспаньол»га).

*** «Бавария»га қарши 2та ўйинда «Вильярреал» ҳаммаси бўлиб икки марта аниқ зарба йўллаб, 2та гол урган!

*** Ўз вақтида, бош мураббий Унаи Эмери саудиялик шайхларнинг саховатларидан воз кечиб, «Ньюкасл» таклифини рад этди. Ўшанда у шундай деганди: «Вильярреал» - менинг уйим. Тўғри йўлда эканлигимга 100 фоиз ишонаман. Топ-клуб ишончини қозонганим билан фахрланаман. Лекин ўз жамоамда беҳад бахтиёрман. Шу сабабли ўз ўрнимда қоламан».

2022 йил аввалида Эмери ўз режалари хусусида шундай баёнот берди: «Мураббийлик фаолиятини Сегундада бошлар эканман, Примерани орзу қилгандим. Унга эришдим. «Валенсия»да ишлаётганда ЕЧЛ орзуси пайдо бўлди. «Севилья»га ўтгач, ЕЛ ғолиблиги вужудимни забт этди. Биз бунга ҳам эришдик. «ПСЖ»да ЕЧЛ ўзига мафтун этди, аммо унга эриша олмадик. «Арсенал»да совринни орзу қилдим ва ЕЛ финалида «Челси» билан беллашдик. «Вильярреал»да яна соврин ишқида ёндим ва биз зафар қучдик. Ҳозир аввалгидек ЕЧЛ ғолиблиги орзуси билан яшаяпман».

Бу орзу ҳақиқатга қанчалик яқин? Бугунги «Вильярреал» билан олдиндан бирор-бир фикрни олға суришнинг иложи йўқ. У ердагилар бир масалада барқарорлар: «Биз клуб тараққиёти учун сармоя киритишда давом этамиз. «Вильярреал» ўсишни тўхтатиш фикридан йироқ. Базага, стадион ва хориждаги академияга маблағ ажратамиз». Клуб соҳиби Фернандо Роигнинг режалари шундай.

Ҳа, 50 минг аҳолиси бор шаҳарча жамоасининг режалари жиддий. Ахир у нуфузли турнир ярим финалига чиқди. Нурли чўққига эса, атиги икки қадам қолди. Бу камтарин жамоага чин юракдан омад тилаймиз!
***

Хабарингиз бор, чоршанба куни Европа Чемпионлар Лигасида иккинчи яримфинал жуфтлигида ҳам дастлабки ўйин бўлиб ўтди. Учрашувнинг биринчи бўлимида дарвозалар дахлсизлиги сақланиб қолди. Иккинчи бўлимни мерсисайдликлар ҳужумкор руҳда бошлашди. Кутилганидек, «Ливерпуль» ўз майдонида «Вильярреал»ни қабул қилиб, фақатгина 2-бўлимда урилган голлар эвазига ғалаба қозонди.

Жавоб баҳси 3 май куни ўтказилади. 

ЕЧЛ. Яримфинал

Биринчи ўйин
ЛИВЕРПУЛЬ — ВИЛЬЯРРЕАЛ -2:0 (0:0)

27 апрель, «Энфилд»
Голлар: Эступиньян (53, автогол), Мане (55).
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд (Гомес, 81), ван Дейк, Конате, Робертсон, Гомес, Ҳендерсон (Кейта, 72), Тиаго Алькантара, Фабиньо, Ориги, Салоҳ, Мане (Жота, 73), Диас (Ориги, 81).
Вильярреал – Рульи, Фойт, Альбиоль, Пау Торрес, Эступиньян (Тригерос, 72), Ло Чельсо, Коклен (Педраса, 57), Капу, Парехо (Орье, 72), Данжума (Алькасер, 86), Чуквуэзе (Диа, 72).
Огоҳлантиришлар: ван Дейк (32), Эступиньян (47), Ло Чельсо (62).

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!