Клинтон Нжи: «Хайрия ишларини ибрат учун ошкор қиламан»
Клинтон Н`Жи 5 ойдан ошдики, Москва «Динамо»си сафида майдонга тушмаяпти, боз устига, Россия чемпионатидаги охирги голини ўтган мавсум урганди. Шунга қарамай, Клинтон қишда Африка кубогига борди ва якунда Камерун термаси сафида бронза медалини қўлга киритди. Шундан сўнг ҳам камерунлик футболчининг РПЛ ва клубдаги ҳолати ўзгармади - у ҳамон асосий таркибга кириш йўлида Тюкавин, Смолов ва Грулев билан рақобатлашмоқда.
- Айтишларича, Африка кубогида шароитлар шунчаки, даҳшат уйғотган. Дейлик, Садио Мане либосларини ўзи ювишга мажбур бўлган. Сизда ҳам қандайдир муаммолар учрадими?
— Шахсий фикримча, Камерун турнирни юқори савияда ташкиллаштирди. Ҳа, айрим қийинчиликлар кузатилди, лекин даҳшатли муаммолар эмас.
- Камерун термасининг ўз майдонида ўйнаганини эътиборга олсак, якуний ғалабадан бошқаси муваффақиятсизлик ҳисобланади. Шундайми?
- Албатта, мезбон сифатида чемпионликни кўзлагандик, аммо ўхшамади. Лекин бундан қандайдир фожиа ясамаслик керак. Ҳа, хафагарчилик бор, чунки бутун Камерун олтин медаль ва кубок кутганди. Лекин ҳозирги ҳолатда 3-ўрин ҳам чакки эмаслигини тан олиш керак.
- Агар имкон берилса, қай бирини танлардингиз: «Динамо» билан чемпион бўлишними ёки Африка кубогида зафар қучишни?
- Албатта, Африка кубогидаги ғалаба бутун Камерун учун катта ютуқ ҳисобланади. Иккинчи томондан, «Динамо»нинг 50 йилдан кейин яна чемпионлик тахтига чиқиши ҳам ажойиб! Қисқаси, икки натижа ҳам идеал, аммо...
- Миср термасига қарши кечган ярим финал ўйинининг пенальтилар сериясида охирги зарбани омадсиз ижро этдингиз...
- Афсус, ватандошларим, дўстларим ва оиламни ранжитдим. Оғир лаҳза, лекин футбол баъзан шундай шафқатсиз... Аслида пенальти тепишга бораётганингда, гол уриш имконияти 50га 50 кўринишига тушади: мўлжални аниқ ололмаслигинг ёки дарвозабон ўзини кўрсатиши мумкин.
— Қизиқ, нега айнан жойидан зарба йўллаш усулини танладингиз?
- Шуниси маъқул кўрингани учун. Одатда тўпдан бир қадамгина узоқда туриб, дарвозабонга қарайман ва унинг кейинги ҳаракатини «уқийман». Агар зарба аниқ чиққанида, қарама-қарши тарафга ташланган дарвозабон ҳеч нарса қилолмасди.
- Мухлислар нафрати сезилдими?
- Ҳа. Хусусан, ижтимоий тармоқларда «нордон» гаплар оқимига дуч келдим. Ўзи мухлислар шунақа: бугун сизни кўкларга кўтаришади, эртага эса... Барчасини яхши тушунаман ва ҳар қандай ҳолатда профессионалликни сақлаб қолишга уринаман. Айнан шундай лаҳзалар футболчини янада кучли қилади.
- Тасаввур қилайлик, Камерун ва Россия термалари ЖЧда ўзаро тўқнаш келса, қайси томон ғалаба қозонади?
- Камерун термаси, албатта! Ватанпарварман ва майдонда фақат ғалаба қозонишни хоҳлайман. Бунда қайси рақибга қарши ўйнашнинг мутлақо аҳамияти йўқ: «Барселона» бўладими, «Зенит» ёки «Труа» - вазифа ўзгармайди.
- Энди клуб футболи ҳақида: «Динамо» чемпион бўлишга тайёрми, сизнингча?
— Асосийси, бунинг учун имконият бор. Ҳозир ўтган мавсумга нисбатан олганда, яхшироқ ўйнаяпмиз, юксак мақсад сари интиляпмиз. Айниқса, Смолов трансфери фойдали бўлди - голлари билан жамоага катта ёрдам беряпти.
- «Динамо» ҳужумида рақобат кескинлашди ва мавсумнинг биринчи ярмида унча кўп ўйнамадингиз. Ритмдан тушиб қолиш борасида хавотир йўқми?
- Смоловнинг келиши - «Динамо» учун плюс. Асосийси шу. Ўзимга келсак, хотиржамман, ҳамиша тайёрман.
— Энг яқин дўстларингиз Каборе ва Игбун «Динамо»дан кетишди. Ҳозир ким билан яхшироқ чиқишяпсиз?
— Ҳамма билан муносабатим яхши. Мисол учун, Шиманский ва Моро билан тез-тез қаергадир боришимиз мумкин. Баъзида Шунин сардор сифатида жамоавий тадбир ташкиллаштиради. Хуллас, ўзимни ёлғиз ҳис қилмайман.
- Камерун жануби-ғарбий қисмидаги 11та мактабга хайрия сифатида миллионлаб доллар ажратибсиз.
- Ҳа, шахсий хайрия жамғармаси орқали қийинчиликка учраган одамларга ёрдам бераман. Аввало, болаларга. Зеро, таълим муҳим, аммо ҳамма ҳам сифатли ўқиш учун пул тўлашга қодир эмас. Коронавирус билан боғлиқ оғир вазиятда шифохоналарга ҳам ёрдам қўлини чўздим. Шукрки, ҳозир бу борада вазият анча яхши.
- Хайрия ишларини оммага ошкор этишдан мақсад нима?
- Олдин бу ҳақда умуман гапирмасдим. Энди нима қилишим эмас, балки ортда қолган ишларим ҳақида гапиряпман. Фақат ўрнак учун. Хоҳишим битта - имкони бор ҳамма халқ тараққиётига сармоя киритсин.
— Камерунда Россия ҳақида асосан нималарни сўрашади?
- Хорижда Россия ҳақида нотўғри фикрлар шаклланган. Мендан сўрашса, холисона айтаман: Россия дунёдаги энг гўзал мамлакатлардан бири. Москва эса энг чиройли шаҳарлар қаторида. Камерун, умуман, Африка ва мен ўйнаган Европа мамлакатларида Путинни яхши кўришади. Унинг мамлакатни бошқариш услуби ёқади.
- Ўтган мавсум «Динамо» кучли учликка кирса, сочингизни кўк рангга бўяш ҳақида сўз бергандингиз. Хўш, клуб чемпион бўлса, нимага қиласиз?
- Оёғимга «Динамо» гербини чиздираман!
МУҲАММАДХОН тайёрлади
Теглар
Изоҳ / Жавоб
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
Хизмат кўрсатган артист Р...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
Коронавирусдан даволанаёт...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
2020 йилда айрим мансабдо...
- Хабар муаллифи Bahrom
- January 18, 2021
-
Абитуриентларга тўловлари...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 26, 2021
Архив
Тавсия этилган
-
Шомуродов бутун мавсум да...
- Хабар муаллифи Bahrom
- June 4, 2021
-
Абитуриентларга тўловлари...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 26, 2021
-
Ёш олима Зебуниссо Аҳмедо...
- Хабар муаллифи Bahrom
- May 28, 2021
Ахборот бюллетени
Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!